Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда мухолифат қандай шаклланади?
28.12.2019 15:53,  
2176

Президент Мирзиёев мухолифат борасида фикр билдириб, у Ўзбекистоннинг ичида етишиб чиқиши лозимлигини, четдан экспорт қилинишига йўл қўймаслигини айтди. Президентнинг мухолифат борасида фикр билдириши, бу институт кераклигини тан олиши – таҳсинга лойиқ. Чунки, Ўзбекистонда шакллантирилган олдинги сиёсий маданият, сиёсий мафкурага кўра – мухолифат, у қандай ва қаерда бўлишидан қатъи назар, деструктив (бузғунчи) куч сифатида эътироф қилинар эди. Энди, Президент мухолифатни Ўзбекистоннинг ичида етишиб чиқиши лозимлигини айтибди. Назаримда, мухолифат борасида қуйидаги нуқталарга тўхталиб ўтиш лозим:

Биринчидан, Менимча, Президент “мухолифат” масаласини кўтаришдан олдин, унданда муҳим масалалар мавжуд эди. Жумладан, Ўзбекистонда сиёсий партиялар ва парламентнинг тўлиқ эркин бўлиши, ҳар қандай яширин ва ошкора босимлардан холи бўлиши борасида жиддий баёнотлар қилинмади, жамиятга ва ушбу институтларга мурожаатлар йўлланмади. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳалига қадар “академик эркинлик” нима экани, у тараққиётимиз учун нақадар муҳим эканлиги урғуланмади. Ҳукумат академик доираларни йиғиб, бу борадаги ўзининг мурожаатларини ва эҳтиёжларини билдирмади. Яъни, эркинликни парваришлашда, Ўзбекистонни ичидаги сиёсий ва академик доиралардан бошланиши лозим эди.

Ҳали Ўзбекистон жамоатчилик тафаккури қўрқув ва ҳадиклардан, эҳтиёткорликлардан қутила олгани йўқ. Кичик бир воқеалар ҳам ижтимоий тафаккурдаги қўрқувларни тезда янгилаш салоҳиятига эга. Академик эркинликнинг вазифаси – университетлар, институтлар, илмий муассасаларнинг фаолияти доирасида, Ўзбекистоннинг муаммоларини илмий англаш ва унга коллектив ақл-идрок билан жавоб излаш ҳисобланади. Академик эркинлик – ҳар қандай эркинликларнинг ажралмас қисми, қолаверса, юқори чўққиси ҳисобланади.

Одатда, олимлар ва илмий доиралар ҳар доим жуда эҳтиёткор бўлишади. Академик эркинлик орқали, биз Ўзбекистоннинг энг катта муаммоларини эҳтиросларсиз, сиёсий зўриқишларсиз (курашларсиз) англашимиз мумкин бўларди.

Сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, парламентни сиёсий фаоллаштиришнинг вазифаси – Ўзбекистонда эркинликни ва барқарорликни мувозанатда парваришлаш ҳисобланади. Ўзбекистон ичидаги ҳар қандай шахс ва муассаса, Ўзбекистон давлати ва жамиятидаги фобияларни яхши ҳис қилади, у билан ҳисоблашади. Давлатнинг бугунги кундаги вазифаси шундан иборатки, мухолифат яратишдан олдин, мавжуд институтларнинг онгли ва малакали фаоллигини шакллантириш лозим.

Шу сабаб, академик эркинлик шаклланмаган, сиёсий институтлар эҳтиёткорлик ва қўрқув ҳолатидан чиқмаган бир даврда, мухолифат масаласининг кўтарилиши – зиддиятли реакцияларга, муносабатларга олиб келиши мумкин: а) давлат популизмда айбланиши; б) мухолифат тушунчасини қадрсизланишига; с) хориждаги мухолиф кучларнинг давлат билан муроса ва мулоқотдан умидини узиб, давлат легитимлигини мажруҳлантириш кайфиятига ўтиши...

Иккинчидан, Президент “хориждаги мухолифатни Ўзбекистонга қўймаймиз” деганида, кўриниб турибдики, у “парламент мухолифати” ёки “расмий тизим доирасида институлашган мухолифатни”, яъни, расман рўйхатдан ўтган мухолиф партияларни назарда тутмоқда. Лекин, вазият анча мураккаб. Мухолифат – ҳозирги даврда, энг аввало ижтимоий фикрни ва ижтимоий кайфиятни шакллантирувчи, йўналтирувчи, давлат легитимлигига таъсир қилувчи куч ҳисобланади.

Одамлар, ўз кайфиятларига қараб, салбий ёки ижобий кайфиятлар, ғоялар ва фаолият манбаси бўлиши мумкин. Одамларнинг Ўзбекистон давлати, ҳукуматига нисбатан муносабати, қолганларнинг ҳам кайфиятига тезда ва юқори даражада таъсир қиладиган даврда яшаяпмиз – бу глобаллашув даври. Бу одамлар ўзларини мухолиф ҳисоблайдими-йўқми, Ўзбекистон ичидами ёки ташқарисида – аҳамияти йўқ. Жамоатчилик фикрида, бу одамлар Ўзбекистонга дахлдор деб кўрилса бўлди – унинг эътирозлари ва муаммолари ҳукуматнинг легитимлигига албатта таъсир қилади.

Ўтган даврда, Ўзбекистон мухолифати ҳукуматга, асосан, икки-уч йўналиш бўйича зарба беришга муваффақ бўлди. Биринчиси, мухолифат ўзининг фаолиятини давлатнинг легитимлигини ер билан яксон қилишга қаратди ва бу мақсадига жиддий бир даражада эришди: дунё Ўзбекистонни қаттол диктатура сифатида кўрди, ҳеч ким давлатимизни қадр-қимматга, ҳурматга лойиқ деб кўрмади. Иккинчиси, мухолифат Ўзбекистоннинг ғарб билан муносабатларини мажруҳлашга интилди ва бу борада ҳам жиддий натижаларга эришди. Энди, Ўзбекистон давлатининг сиёсати шундай бўлиши керакки, хориждаги ватандошлар Ўзбекистон Президентини халқаро майдонда шарманда қилишдан, уни йўлларида намойишлар қилишдан тегилиши керак.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, мен, қуйидагиларни тавсия қилган бўлар эдим:

Биринчидан, хориждаги ватандошлар билан диалог ўрнатиш, уларни Ўзбекистонга мухолифат сифатида эмас, шахс ва ватандош сифатида таклиф қилиш, улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Бу борада, шахсларни ажратиш, кимларнидир хавфли дея мулоқотдан четда қолдириш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, айнан мулоқотлардан четлатилган шахслар кейинчалик мухолиф кайфият ва фаолиятнинг марказига айланиши мумкин. Бугунги кунда хорижда марказлашган, кучли мухолиф ташкилотлар мавжуд эмаслиги, мулоқотлар учун қулай сиёсий фурсат ҳисобланади.

Иккинчидан, Ўзбекистонда ҳукумат академик эркинлик масаласига жиддий ёндашиши лозим. Олимлар ўз фаолиятида ҳеч қандай цензурани ҳис қилмаслиги керак. Ўзбекистондаги илмий доиралар давлатнинг ва жамиятнинг барча муаммоларини ўз ишларида кенг муҳокама қилиши, уларни ўрганиш ва жамиятга билдиришни кафолатланиши лозим. Бусиз Ўзбекистонда тараққиёт имконсиз. Лекин, ўтган уч йил ичида Ўзбекистон илмий доираларининг жиддий фаоллашгани, илмий нашрларда жамият муаммоларининг ёритилиш сони ошганлиги кузатилмади.

Учинчидан, Ўзбекистон ичидаги нодавлат сектори, партиялар ва парламент ўз фаолиятини жиддий кучайтириши учун, давлат уларни тафаккуридаги қўрқувни ювишда фаол иштирок этиши, ОАВларида танқидий ва эркин фикрларни кенгроқ бериб бориш орқали, ижтимоий тафаккур ўзгаришига эришиш лозим. Нодавлат секторининг, партияларнинг фаоллашувидан мақсад – мухолифат етиштиришни тезлаштириш еки бу йўлни монополия қилиш эмас, жамиятдаги муаммоларни имкон қадар тез ва малакали каналлаштириш бўлиши лозим.

Хулоса: Ўзбекистоннинг ички ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммолари бисёр. Давлат жамиятдаги эркинликни барча соҳаларда бирдек парваришлаши, ҳеч бир жойда босим қилмаслиги ва ёки бошқа жойда жараёнларни сунъий тезлаштирмаслиги лозим. Лекин, давлат албатта ўз легитимлигини парваришлаб бориши, жараёнларнинг марказида, кучли ва ўзига ишонган ҳакам ролини ўйнаши лозим.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан