Ўзбекистонда нон нархи кескин равишда ошади

Ўзбекистонда нон нархи кескин равишда ошади

Ўзбекистон ҳукумати буғдой ва ун нархини либераллаштиришга қарор қилди. Эндиликда давлат фермерлардан ва донни қайта ишлаш корхоналаридан дон сотиб олиш нархини сунъий равишда ушлаб турмайди. Натижада яқин вақт ичида ноннинг нархи 1500 сўмга ошиши кутилмоқда.

Давлат харидлари бўйича фермерларнинг ғалласига паст нарх белгиланиши, унинг арзон баҳода сотилиши фермерлар ва дон корхоналарига иқтисодий зарар келтирмоқда, бу ҳолат ғалла ҳосилдорлигини оширишга рағбатлантирмаслигини айтиб, Олий Мажлис ва ҳукуматга мурожаат қилган эди.

Шунингдек, давлат донни қайта ишлаш корхоналарини фермерлардан 1 килограмми 1430 сўм буғдой сотиб олишга, кейин ишлаб чиқарилган унни давлат нархида – 1 килограмми 1400 сўмдан сотиш бўйича мажбурият юклаган. Дон нархининг кўтарилиши эвазига, корхоналар зарар кўради ва фермерлар билан ҳисоб-китоб қила олмайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фермерларнинг дон нархини ошириш бўйича қилган мурожаатини ўрганиб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилгани айтилганди. Ўрганиш натижасида нархни либераллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши кутилган.

Шунингдек, давлат нархида ун ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, айни вақтда уннинг 1 килограмми таннархи 2200—2400 сўмни ташкил қилади. Бироқ улар унни 1400 сўмдан сотиш мажбуриятини олган.

Ун нархининг либераллаштирилиши натижасида уннинг бир килограмми нархи 2000—2500 сўмгача кўтарилиши мумкин. Нон ишлаб чиқарувчиларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, нон нархи 40—45 фоизга ошиши мумкин. Ҳозирда буханка ноннинг улгуржи нархи 1000 сўмни ташкил қилади. Дўконда эса 1100 сўмдан сотилмоқда.

«Ҳукумат дон ва ун нархини либераллаштиришга қарор қилди. Ҳа, бу буханка ноннининг 1500 сўмгача ошишига олиб келади. Аммо бюджет кам таъминланган ва кўп болали оилаларнинг харажатларини қоплайди – улар қарийб 2 миллион кишини ташкил қилади. Ҳар бир оилага ҳар ойда нон сотиб олиш учун 50 минг сўмдан маблағ ажратилади», — дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳукумат нон учун сарф-харажатларни қоплаш учун ойига қарийб 1,6 миллион кишига 22,5 минг сўм тўламоқда. Компенсация нархини 50 минг сўмга оширишга қарор қилинган. Шунингдек, кўп болали оилалар (3 дан ортиқ болали оилалар) учун компенсация беришга келишилган. Шу тариқа компенсация оладиган одамлар сони 1,9—2 миллионга етади.