Ниҳоят Ўзбекистонда пахтага давлат буюртмаси бекор қилинди

Ниҳоят Ўзбекистонда пахтага давлат буюртмаси бекор қилинди

Давлат буюртмаси ҳажмларини босқичма-босқич камайтириш, шу жумладан, пахта хом ашёси етиштириш, харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш, ушбу йўналишда фермер хўжаликлари манфаатдорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ ги қарор қабул қилинди.

Унга кўра, Биринчидан, 2020 йил ҳосилидан бошлаб:

  • давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
  • пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади; 
  • пахта хом ашёси етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади;
  • сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади ҳамда босқичма-босқич Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерлари зиммасига юклатилади.

Иккинчидан, Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари иштирокида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияси ташкил этилади.

Кооперациянинг асосий вазифалари:

  • кооперация аъзолари томонидан, техника, ускуна, транспорт воситаларидан, пахта тозалаш заводларидан биргаликда фойдаланишни ташкил этиш;
  • кооперация аъзоларини қишлоқ хўжалиги техникаси, ёнилғи-мойлаш материаллари, ўғит, уруғлар, шунингдек, кимёвий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
  • ишлаб чиқарилган маҳсулотларни тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишни ташкиллаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларига агротехника, бухгалтерлик, консалтинг, воситачилик ва бошқа хизматларни кўрсатиш.

Учинчидан, пахта хом ашёси етиштириш ва қайта ишлашни кредитлашнинг янги механизми жорий этилади.

2020 йил 15 мартдан бошлаб:

  • а) пахта хом ашёси етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача етиштириладиган пахта умумий қийматининг 50 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 8 %, 60 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 10% ставкадан (шундан банк маржаси 2%) ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади.

Бунда:

  • кредит олувчилар агротехник тадбирлардан келиб чиқиб, кредит маблағларидан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлайди;
  • пахта хом ашёси етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади;
  • б) етиштирилган пахта хом ашёсини харид қилиш учун тижорат банклари томонидан 12 ой муддатгача пахта йиғим-терими ҳамда якуний ҳисоб-китоб учун тижорат кредитлари ажратилади.

Бунда:

  • миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 % пунктидан кўп бўлмаган қисмига;
  • хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 % пунктидан кўп бўлмаган қисмига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация берилади.
  • 2021 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом ашёсини етиштиришни кредитлаш тартиби фермер хўжаликлари томонидан мустақил равишда аниқланади (ер майдони тўлиқ кластерга берилган ҳудудлар бундан мустасно)

Тўртинчидан, “Ўзпахтасаноат” АЖни тугатиш чоралари кўрилади. Бунда:

  • кооперация ташкил этиладиган ҳудудларда пахта тозалаш заводларидаги “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмалари акция (улуш) пакетларини белгиланган тартибда кооперацияларга ёки тадбиркорлик субъектларига сотиш;
  • “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик” бирлашмаларининг пахта тозалаш заводларидаги акция (улуш) пакетлари сотилишига қадар, ушбу заводлар томонидан пахта хом ашёсини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш хизмати (тегирмон усулида) кўрсатиш назарда тутилади.

Бешинчидан,

Жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган (индикатив) нархлар эълон қилинишини ҳамда бозорлардаги нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиш амалиёти жорий этилади;

пахта етиштирувчиларнинг даромад олишларини таъминлаш мақсадида пахта йиғим-терими мавсумидан олдин қўлда терилган 1 кг пахта хом ашёсини териш ҳақининг тавсиявий миқдорининг оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши таъминланади.

Пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида эркин сотилади, бунда биржада бошланғич нарх шаклланишида 10 % чегирма қўйиш бекор қилинади.

Республика ҳудудларида “Ўзпахтасаноат” АЖ ва унинг тизимига кирувчи корхоналар иштирокида тикув-тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуаларни кластерлар томонидан ташкил этиш йўлга қўйилади.

Фермер хўжаликларига экин мавсуми бошланишидан олдин нархлар эълон қилиб борилиши хўжаликларга пахта етиштиришнинг иқтисодий натижасини кўриш, керак бўлса, уларга ўз бизнес-режасини тўғри тузиш имконини беради ва қолаверса, уларни ўз харажатларини мақбуллаштиришга ундайди.

Олтинчидан, пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида эркин сотилади, бунда биржада бошланғич нарх шаклланишида 10 % чегирма қўйиш бекор қилинади.