Жорий йилнинг январь ойида пиёз нархининг ошганлиги ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВда муҳокама этилмоқда.
23 январь куни ўтказилган мониторингларда сараланмаган пиёзнинг улгуржи нархлари ўртача 6 500 сўмни, деҳқон бозорларидаги арзонлаштирилган махсус расталарда 5000 сўмни, савдо марказлари ва супермаркетларда 7 700 сўмни ташкил этган.
Бунда, пиёзнинг улгуржи нархи 1 январь кунига нисбатан 2 900 сўмга, махсус расталарда 2000 сўмга, савдо марказларида 3 550 сўмга ошган.

Нархларнинг ошишига ҳаво ҳароратининг Ўзбекистон шароитида жуда кам кузатиладиган даражада кескин совиши оқибатида деҳқонлар ихтиёридаги пиёзнинг устки қисми музлаганлиги ҳамда айрим ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилганлиги туфайли логистика нархларининг ошиши таъсир этган.
Мазкур ҳолатлар эса маҳсулотни бозорга етказиш занжирида вақтинчалик узилишларга олиб келган.
Мутахассислар фикрига кўра, маҳсулотни тўлиқ нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида устки қисми музлаган пиёзни ҳаво мўътадиллашгунга қадар жойидан қўзғатмаслик керак.
Пиёз нархи ошиши кузатилган бўлсада, аҳолида уни ғамлаб қўйиш кайфияти мавжуд эмаслиги, ҳамда жорий йил 1 январдан пиёз экспортига чеклов ўрнатилганлиги бозорларни аҳоли талабига мос равишда пиёз билан барқарор таъминлаш имкони мавжудлигини кўрсатмоқда.
Ички истеъмол бозорини пиёз билан барқарор таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан барча хўжаликлар тасарруфидаги маҳсулотларнинг захираси доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Бугунги кун ҳолатига кўра, Ҳукумат қарорига мувофиқ ҳудудларда ташкил этилган захираларда 51 минг тн, аҳоли хонадонларида 200 минг тн пиёз захираси мавжуд.
Захирага жамғарилган маҳсулотларнинг барчаси туман ҳокимлиги ва Департамент органлари билан биргаликда бозорларда ташкил этилган арзонлаштирилган махсус расталар ҳамда маҳаллалардаги кўчма савдо ярмаркалари орқали аҳолига манзилли равишда етказиб борилмоқда.
Ички истеъмол бозорида пиёзга бўлган эҳтиёжни кафолатли таъминлаш ҳамда нархлар ўсишининг олдини олиш мақсадида 1 апрелга қадар қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тн пиёзни бозорларга киритиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Бундан ташқари, республикадаги айрим ҳудудларнинг эҳтиёжидан ортиқ миқдорда етиштирилган пиёзни бошқа ҳудудларга манзилли етказиш мақсадида бозорлардаги қўшимча эҳтиёж кундалик мониторинг қилиб борилмоқда.
Кузатувлар натижасидан келиб чиққан ҳолда пиёзни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга «яшил йўлак» тамойили асосида ҳеч қандай тўсқинликсиз етказиш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу тадбирлар натижасида ўтган 25 кунда жами 5 минг тн пиёз ҳудудлараро интервенция қилинди.
Жумладан, Навоийда – 700 тн, Наманганда – 630 тн, Фарғонада – 430 тн, Андижонда – 410 тн, Жиззахда – 320 тн, Бухорода – 310 тн, Хоразмда – 300 тн, Сирдарёда – 270 тн, Тошкент шаҳрида – 240 тн, Қашқадарёда – 180 тн, Қорақалпоғистонда – 180, Тошкент вилоятида – 150 тн, Самарқандда – 140 тн, Сурхондарёда – 75 тн пиёз интервенция қилинган.
Интервенция қилинган маҳсулотларнинг барчаси арзонлаштирилган махсус расталар орқали Департамент органлари назорати остида нархларни асоссиз оширмасдан сотилиши таъминлаб борилмоқда.
Ҳозирги кунда ички истеъмол бозорига маҳсулотларни кафолатли тарзда етказиб бериш давом эттирилмоқда.