Ўзбекистонда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси оилаларда, ҳар тўртинчи жиноят эса ёшлар томонидан содир этилган

Ўзбекистонда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси оилаларда, ҳар тўртинчи жиноят эса ёшлар томонидан содир этилган

Фото: Сенат ахборот хизмати

Олтинчи ялпи мажлис кун тартиби доирасида Ички ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 6 ойи якуни бўйича жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланганидек, соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 20 497 таси ёки 95,2 фоизи фош этилган. Тергов органлари қидирувида бўлган 1 051 нафар шахс ушланган ва 261 нафар бедарак йўқолганлар топилган.

Ички ишлар органлари ташаббуси билан 4 158 та жиноят аниқланган. Республикадаги жами 9 145 та маҳалланинг 66,3 фоизида ёки 6 061 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 6 ойида республика миқёсида 21 535 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 63,3 тадан тўғри келган.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2020 йилнинг 6 ойи давомида қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси (71 таси, 35%), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 76 таси (20,5%) оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 5 940 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти яъни 52,6 фоизи (3 123 таси) Тошкент, Бухоро, Навоий ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Хусусан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 2 776 нафарига «ҳимоя ордери» берилган.

Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида жорий йилнинг 6 ойида республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (4 988 та ёки 23,2%) ёшлар томонидан содир этилган бўлса, шундан 1315 таси ёки 6 фоизи иш билан банд бўлмаган ёшлар томонидан содир тилган.

Бундан ташқари, 3 мингдан ортиқ (3 198 нафар) ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.

Республика бўйича умумий йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган (2 564/2 388) бўлсада, йўлларда ҳаракатланиш учун хавфсиз шароит етарли даражада ташкил қилинмаганлиги оқибатида 730 нафар шахс вафот этган. 2 297 нафари эса турли даражада тан жароҳати олган.

Шу билан бирга, деярли ҳар иккинчи (2 388 тадан 1 017 таси) йўл-транспорт ҳодисалари белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириш оқибатида содир этилганлиги жойларда фото-видео қайд этиш мосламаларидан фойдаланиш ишларини янада жадаллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда.