Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда автомобиллар газ баллони портлашидан неча киши вафот этгани маълум қилинди

Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда автомобиллар газ баллони портлашидан неча киши вафот этгани маълум қилинди

Ўзбекистонда охирги беш йил мобайнида автомобилларга ўрнатилган баллонларнинг портлаши оқибатида 23 та фуқаро вафот этган ва 20 та фуқаро оғир тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда Буғ қозонлари, кўтариш иншоотлари ва путур етказмайдиган назоратда саноат хавфсизлиги инспекцияси масъул ходими Жамшид Усмонов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда мамлакатда тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган 1200 дан ортиқ автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ва 800 дан ортиқ автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчалари (АГҚШ) фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, газ баллонларини ишлаб чиқарувчи бир нечта ташкилот мавжуд.

Қўмита томонидан газ баллонларини синовдан ўтказиш ваколатини берувчи 150 та корхона ва ташкилотларга белгиланган тартибда рухсатнома берилган. 2022 йилга қадар 1 миллион 570 мингдан ортиқ автотранспорт воситаларида 2,5 миллиондан ортиқ метан газ ва 200 мингдан ортиқ автотранспорт воситаларида суюлтирилган газ ёқилғисида ишлашга мослаштирилган газ баллонлари ўрнатилган.

«Бироқ бугунги кунда Ўзбекистонда баъзи юридик ва жисмоний шахслар томонидан синовдан ўтказилмаган газ баллонларидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Баъзи автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари томонидан газ баллон билан жиҳозланган автомобилларга меъёридан ортиқ газ тўлдириш каби қонунбузарлик ҳолатлари қайд қилинмоқда. Бунинг оқибатида охирги беш йил мобайнида автомобилларга ўрнатилган баллонларининг портлаши билан боғлиқ 3 та фавқулодда вазият содир бўлган. Бунинг оқибатида 23 та фуқаро вафот этган ва 20 та фуқаро оғир тан жароҳатлари олган», — дейди Усмонов.

Таҳлилларга кўра, автомобиль баллонларининг портлашига қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

сифатсиз (металлокомпозит) баллонлардан фойдаланиш;

баллонларни ишлаб чиқариш жараёнида технологик камчиликлар;

автомобилларга баллонларни ўрнатиш ва синов ишларининг сифатсизлиги;

автомобилларга сиқилган газ қуйишда рухсат этилганидан ортиқча босимда газ қуйилиши.

«Айтилган барча жараёнларда инсон омили иштироки оқибатида йўл қўйилаётган камчиликлар ва ҳозирги ҳолатда бу жараёнларни доимий назорат қилиш имконияти мавжуд эмаслиги муаммони чуқурлаштирмоқда», — дея таъкидлайди у.