Ўзбекистонда сўз эркинлиги истиқболи

Ўзбекистонда сўз эркинлиги истиқболи

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти, 2020 йил учун дунё давлатларидаги “сўз эркинлиги индекси”ни нашр қилди. Унга кўра, Ўзбекистон ўрганилган 180 та давлат ичида 156-ўринни эгаллади. Ўзбекистон сўз эркинлиги “мураккаб” бўлган қизил рангга бўялган. Қизил рангли давлатларда сўз эркинлиги жуда заиф, беқарор ҳисобланади.

Янгиликнинг яхши томони – ўтган ўн йилликларда Ўзбекистон доим қоп-қора бўлиб турарди: яъни, сўз эркинлигидан ном-нишон ҳам мавжуд эмас, давлат сўз эркинлиги билан курашарди, ҳукумат журналистларни, блогерларни ва эркин ахборотни ўзига душман деб биларди. Кейинги икки-уч йил ичида, Ўзбекистонни рейтинги бироз яхшиланди, лекин, кескин ўзгариш кузатилмади.

Вазиятнинг муаммоли томони – Ўзбекистонда сўз эркинлиги ҳали-ҳамон кенг ва барқарор эмас. Шу сабаб Ўзбекистон “сўз эркинлиги борасида мураккаб бўлган, хавотирли давлат” ҳисобланади. Рейтингга кўра, қўшни Қирғизистон – 82-ўринда, Афғонистон - 122, Покистон - 145. Ўзбекистондан шундоқ кейинги ўринда – Қозоғистон - 157, Тожикистон - 161, Туркманистон 179-ўринда.

Ўтган икки ўн йилликда Ўзбекистонга таалуқли энг асосий муҳим хабарлар – давлатдан ташқарида шаклланди, ташқаридан жамиятга узатилди. Ўзбекистон ўзига дахлдор ахборотлар оқими борасида тўлалигича ташаббусни қўлдан бой берган эди. Кейинги йилларда янги маъмурият сўз эркинлигини ислоҳотлар ва янги давлатчилик репутацияси учун марказий қадриятлардан бири сифатида кўрмоқда.

Яқин йилларда Ўзбекистон ичидаги зиддиятлар, ижтимоий-иқтисодий инқирозлар жадаллашади. Жумладан, коронавирус билан боғлиқ вазият ҳам бунга қўшимча сабабчи бўлди. Мана шу зиддиятлар даврида сўз эркинлигини сақлаб қолиш, парваришлаш ва барқарор институтга айлантириш – ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Давлатнинг баъзи институтларида, кўплаб мулозимларда, ижтимоий барқарорликни сақлаш учун сўз эркинлигини чегиришга мойиллик кучайиб бораверади.

Лекин, агар мана шу эскича қараш устун келиб, сўз эркинлиги чегириладиган бўлса, сўз эркинлиги ва ахборот ташаббуси яна олдингидек Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетади ва давлатнинг стратегик репутацияси ташқи кучлар, шахслар ва гуруҳларнинг енгил объектига айланади. Бу – ислоҳотлар сиёсатининг тугаганини, янги маъмуриятнинг тўлиқ муваффақиятсизлигини англатади. Ҳозирча умид қилишга асослар борки, Ўзбекистон янги маъмурияти сўз эркинлигини ўз сиёсатининг асоси, тарихий муваффақиятининг шарти сифатида кўряпти.

Келажакда сўз эркинлиги ва олдинги талқиндаги барқарорлик, сўз эркинлиги ва бюрократия, сўз эркинлиги ва ҳокимият ўртасида кўплаб вақтинчалик ва фундаментал зиддиятлар пайдо бўлади. Агар сўз эркинлиги институти муттасил ишлаб турса ва ушбу зиддиятларда сўз эркинлигига устуворлик берилса – Ўзбекистон яқин ўн йилликда ўзининг глобал мавқеини ижобий тарафга жиддий ўзгартира олади, албатта.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.