Ўзбекистонда талабаларнинг шикоят ва таклифлари учун махсус бот ишга туширилди

Ўзбекистонда талабаларнинг шикоят ва таклифлари учун махсус бот ишга туширилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги карантин даврида талабалар ва уларнинг ота-оналари, қолаверса, кенг жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириш ҳамда юртдошларимизга соҳага оид таклиф-мулоҳаза, муаммолар тўғрисида тезкор хабар қолдириш имконини берувчи махсус ботни ишга туширди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хабар беришича, @otv_murojaat_bot боти орқали ҳамюртларимиз республикадаги барча олий таълим муассасаларига муассаса фаолиятига доир хабар қолдиришлари мумкин.

Бунинг учун бот орқали ҳудудлар кесимида керакли олий таълим муассасаси танланади ва хабар қолдирилади. Юборилган барча хабарлардан олий таълим муассасаси раҳбарияти хабардор бўлади.

“Эндиликда талабалар виртуал муҳитда олиб борилаётган ўқув жараёнлари афзаллиги ва камчилиги, ўзлаштирилган билимларини назорат қилиш ва баҳолаш юзасидан ва таълим жараёни билан боғлиқ бошқа масалаларда олий таълим муассасасини хабардор қила олади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан @otv_murojaat_bot орқали юборилаётган хабарларнинг олий таълим муассасаларида ўрганилиши мунтазам назорат қилиб борилади“, дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, жамоатчиликдан келиб тушаётган хабарлар ва таклиф-мулоҳазалар ОТМларда таълим жараёнларини рақамлаштиришда устувор вазифаларни белгилаб олишда ёрдам беради.