Ўзбекистонда тотализаторлар: Ким қандай фикрда?

Ўзбекистонда тотализаторлар: Ким қандай фикрда?

Эсингизда бўлса, шу йилнинг 14 ноябр куни 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш назарда тутилган қарор лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Шундан сўнг, Президентнинг ёшлар, фан-таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда букмекерлик фаолиятини қонунийлаштиришни ёқлаб чиқди:

“Бир қанча йиллар аввал бизникилар Таиланд ва Гонконгга бориб пул тикиб келишган ҳолатлари ҳам бўлган. Иккинчидан, биз дунёвий давлатмиз. Ҳозир кўпчилик айтяпти, букмекерлик бу – қимор ўйини. Ким хоҳласа ўйнайди. Бу пулларга яхши футболчиларни етиштириб чиқарадиган мактаблар қилса бўлади. Бунинг нимаси ёмон? Сизларда букмекерлик компанияси очиш имкони борми? Сизларда йўқми? Унда менга бу таклифни ҳимоя қилишга ёрдам беринглар”.

2019 йил июлида эса, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг янги раҳбари, шунингдек айни вақтда Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов ЎФА конференциясида сўзга чиқиб: “Ўйинга ҳалолликни олиб кириш, тотализатор, келишилган ўйинлар каби тушунчаларни йўқотиш – бизнинг биринчи даражали вазифамиз бўлиши керак, мен президент сифатида шундай деб ҳисоблайман“ - деган эди.

Энг қизиғи ДХХ раиси бир неча ой аввал тотализаторларни йўқотиш ҳақида гапирган мажлисда, “Бунинг нимаси ёмон?“ деган Президент маслаҳатчиси ҳам қатнашган эди...

Яқинда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳам ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйин исломий тарафдан қимор дейилишини айтиб, қимор қаттиқ қоралангани ва гуноҳи кабира деб ҳисоблашини маълум қилди.

Бунинг далиллари сифатида Қуръони Каримнинг Моида сураси, 90-оятидан мисол келтиради: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз”.

Шунингдек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўз соҳибига “Кел, сен билан қимор ўйнайман”, деса, садақа қилсин”, - деганлар.

Қимор шу қадар жирканч иш эканки, киши ҳали ўйнамаган бўлса ҳам, ўйнашни таклиф қилиши биланоқ гуноҳкор бўлиб қолар экан.

Шунингдек, Sof.uz сайти колумнисти Жамшид Муслимов тотализатор сиртмоғи ҳақида шундай мулоҳазаларни билдирди:

Тотализатор қимори руҳий касалликка осон айланади, унинг номи – лудомания. Тотализатор қурбони топган пулини ўйинларда исроф қилади, оиласини қурита бошлайди, бировлардан қарз, банкдан кредит олиб туби кўринмас жарликка қулай бошлайди. Қимор ўйинида асосан ижтимоий ва руҳий заифлашиб қолганлар ҳисобидан солиқ йиғиш айни адолатсизликдир...

Шунингдек, Азико Мадаминов ҳам букмекерликнинг легаллашишига қарши эканлигини асосли тарзда тушунтириб берди:

Тотализаторларга футболни ривожлантириш баҳона бўлолмайди. Футболни ривожлантиришни аввало яхши ўйнашдан бошлаш керак. Бу спорт турига усиз ҳам керагидан кўп пул сарфланмоқда. Натижа йўқ, қимматга тренерлар сотиб олиб, пул ювилмоқда.

Агар биз бу тўсиқни очиб қўйсак, биринчи ўринда кунини зўрға кўраётган қатлам ўйнашни бошлайди, чунки бошида ютиб олгандан сўнг азартга кириши табиий. Қуйи қатлам муккасидан кетишини сабаби, иқтисодий ночорлиги ва тез бойиб кетиш мотивацияси, осон пул деб уйлашидир...

Юқорида Ўзбекистонда тотализаторга рухсат берилишига қаршиларнинг ҳам, бунинг тарафдорини ҳам фикрларини келтириб ўтдик.

Шунингдек, бундан бир неча кун аввал сайтимизнинг телеграм каналида “Ўзбекистонда букмекерлик фаолияти йўлга қўйилишига қандай қарайсиз?” мавзусида сўровнома ўтказган эдик.

Сўровномамиз бугун якунланди, унда жами 2531 нафар мухлисларимиз қатнашди.

  • Уларнинг 1288 нафари ёки қатнашчиларнинг 51 фоизи Ўзбекистонда тотализаторларга рухсат берилишига “Умуман қарши” эканликларини билдиришди.
  • Қатнашчиларнинг 240 нафари (9 фоиз) “бирор нарса дея олмаслиги“ни маълум қилган бўлса, 255 нафар мухлислар (10 фоиз) тотализаторларга рухсат берилишига “қарши эмасликлари“ни маълум қилди.
  • Энг ёмон тарафи эса, қатнашчиларнинг 748 нафари (30 фоизи) бундай қонунни жорий қилиш борасида “ҳукумат барибир бизни фикримизни ҳисобга олмайди” деган фикрда қолган.

Янги қонун лойиҳалари муҳокама учун қўйилса ҳам, қўйилмаса ҳам, албатта жамоатчиликнинг фикри бу борадаги қарашларини инобатга олиш керак бўлади. Чунки келажакда бу қонунларнинг фойдасини ҳам, зарарини ҳам ушбу халқ тотишга мажбур бўлади.

Лекин нима бўлганда ҳам, ушбу қонун лойиҳаси муҳокама учун regulation.gov.uz порталига киритилди. Сиз ҳам ушбу ҳавола орқали кириб, қонун лойиҳасига фуқаро сифатида расман муносабатингизни билдиришингиз мумкин.