Ўзбекистонда учта қуёш электр станциясини қуришга 15 та халқаро компания қизиқиш билдирди

Ўзбекистонда учта қуёш электр станциясини қуришга 15 та халқаро компания қизиқиш билдирди

Ўзбекистонда учта қуёш фотоэлектр станцияларини (ҚФЭС) қуриш бўйича эълон қилинган тендернинг биринчи босқичида халқаро компаниялардан 15 та ариза келиб тушди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Тендер Халқаро молия корпорацияси кўмагида Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда.

Лойиҳа Наманган, Бухоро ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВтгача бўлган учта ҚФЭС қуришни назарда тутади.

Таъкидланишича, тендер жараёни энг юқори халқаро стандартлар ҳамда очиқлик ва ошкоралик талабларига мос равишда ўтказилади. Унда қатнашишни хоҳловчиларнинг барчасига бепул кириш учун малака сўрови тақдим этилган.

Тендер комиссияси иштирокчилардан таклифларни олгандан сўнг, қабул қилинган таклифларнинг тўлиқлиги ва изчиллигини баҳолаш учун юборилади. Шундан сўнг малакали иштирокчиларнинг «қисқа рўйхати» эълон қилинади ва улар тендернинг иккинчи босқичига қўйилади.