Ўзбекистонда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича кенгаш ташкил этилди

Ўзбекистонда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича кенгаш ташкил этилди

Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинган.

Фармонга мувофиқ, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди.

Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш Кенгаш вазифаларидан биридир.

Унинг ишчи органлари этиб Молия ва Адлия вазирликлари белгиланди.

Кенгаш раиси - Олий Мажлиси Сенати Раиси бўлиб, шу орқали бу соҳада янги механизмни, яъни парламент назоратини жорий этиш таъминланади.

Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида 6 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилди.

Шунга кўра, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индексларнинг Кенгаш ишчи органлари бўйича тақсимоти тасдиқланди.

Фармон билан шунингдек, Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) тасдиқланди.