Ўзбекистонда ходимни ишдан бўшатишда компенсация тўлаш тартиби ўзгарди

Ўзбекистонда ходимни ишдан бўшатишда компенсация тўлаш тартиби ўзгарди

Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилиниб, огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилганда ходимларга моддий мадад бериш тартиби ҳақидаги тушунтиришга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Маълум қилинишича, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 1 апрелда рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан ўзгартирилган ҳужжатда қуйидагича мисол келтирилган:

Меҳнат шартномаси 1 мартдан бекор қилиниши ҳақидаги билдирув хати билан ходим 1 январда ёзма тарзда огоҳлантирилди. Лекин ходим билан иш берувчининг келишуви асосида ушбу огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди ва ходим билан меҳнат шартномаси 1 январдан бекор қилинди.

Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб равишда — январь, февраль ойлари учун пуллик компенсация ва бир ойлик — январь учун ишдан бўшатиш нафақаси тўланди. Агарда ходим ишга жойлашмаганини меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхаси билан тасдиқласа, Меҳнат кодексининг 67-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган иккинчи ой (февраль) учун ўртача ойлик иш ҳақини март ойида олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қайд этилишича, ушбу ходим меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг 30 (илгари – 20) календарь кун ичида, яъни 2 январдан 31 январгача бўлган муддатда маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса ва апрель ойида бу тўғрисида меҳнат органининг маълумотномасини тақдим қилса, унга учинчи ой (март) учун ҳам илгариги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақи тўланади.

Маълумот ўрнида, ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1 апрелдан кучга кирган.