Ўзбекистонда ягона виртуал мактаб платформаси яратилади

Ўзбекистонда ягона виртуал мактаб платформаси яратилади

Аввал хабар қилганимиздек, Online-maktab лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими тизимида онлайн таълим бериш фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, коронавирус пандемияси даврида телевизион видеодарслар намойиш этилган учта телеканалдан “Online-maktab” лойиҳасини давом эттириш мақсадида фойдаланилади ва янада такомиллаштирилади.

Online-maktab лойиҳаси доирасида 2020 йил 1 августдан бошлаб, 2020/2021 ўқув йили учун телевизион видеодарсларни тасвирга олишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида телевизион видеодарслар ҳар ўқув йили давомида эфирда намойиш этиб борилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 сентябрга қадар телевизион видеодарслардан фойдаланишда ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида www.maktab.uz платформаси яратилади ва умумтаълим муассасалар тизимида ягона марказлашган виртуал (онлайн) мактаб сифатида татбиқ этилади.

Maktab.uz платформасида ўқувчиларда таълим олишга бўлган қизиқишни уйғотадиган замонавий механизмлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Ўқувчиларнинг билим салоҳияти, ўзлаштирилмаган дарсларни аниқлайдиган тестлар ишлаб чиқилиб, улар асосида ўқувчиларга ёрдамчи ўқув дарсларини, тематик ўйинларни тавсия этадиган ва ота-оналар ҳамда ўқитувчиларга боланинг билим олиш жараёнидаги мавжуд камчиликлари ҳақида хабар берадиган тизим йўлга қўйилади.

Ўқувчиларнинг онлайн таълим олишга бўлган қизиқишини рағбатлантириш мақсадида тегишли телеканаллар ва maktab.uz порталида болалар викториналарини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Maktab.uz порталини ривожлантириш мақсадида мазкур портални мобил алоқа операторлари томонидан доимий равишда беғараз тарғибот ишлари (мижозларга SMS хабарлар орқали ва қўшимча хизмат тариқасида) олиб бориш таклиф этилмоқда.

Ўқувчиларни география, технология, физика, кимё, биология, зоология, жаҳон тарихи ва бошқа фанларга қизиқишини янада ошириш мақсадида Discovery, National Geographic ва BBC каби хорижий медиа-корпорациялар билан ҳамкорликда, уларнинг ҳужжатли илмий-маърифий фильмларини ўзбек ва рус тилларига таржима қилиниб, Оnline-maktab каналларида эфирга узатилишини ҳамда maktab.uz порталига босқичма-босқич интеграция қилиш ишларини амалга оширади.

Ўқувчиларни юртимиз тарихи, тарихий обидалари, ер ости табиий бойликлари, уларнинг топилиш тарихи ва қайта ишлайдиган миллий заводлар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида улар ҳақидаги замонавий ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқиб, Оnline-maktab телеканаллари орқали эфирга узатиш ишларини ташкил этиш режалаштирилган.