Ўзбекистонда яна бир университет ташкил этилди

Ўзбекистонда яна бир университет ташкил этилди

Тошкент давлат техника университети биноси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Президент қарори билан геология соҳасида юқори малакали ва замонавий фикрловчи олий маълумотли кадрларни тайёрловчи Геология фанлари университети ташкил этилди.

Университет Давлат геология қўмитаси, тоғ-кон саноати корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун геология йўналишидаги малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини бажариш бўйича республиканинг ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть-газ конлари геологияси ва қидируви институти, Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Давлат геология музейи Университет таркибига киради.

Университетга талабалар ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Университетда талабалар Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари асосида геология ва кончилик йўналишидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг қўшма таълим дастурлари бўйича, улар билан эришиладиган келишувларга мувофиқ ўқитилади.

2020 йил 1 сентябрга қадар Давлат геология қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2020/2021 ўқув йили учун Университетга талабаларни қабул қилиш жараёни талабга мувофиқ ўтказилади.

Университет ҳузурида етакчи геология ва кончилик йўналишидаги хорижий олий таълим муассасаларининг, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг махсус умумтаълим ва базавий техник фанларини ўқитишга ихтисослашган Бошланғич муҳандислик тайёрлаш марказини ташкил этилади.

Университет 2020-2021 ўқув йилида И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.