Ўзбекистонда январь ойидан бошлаб 300 дан ортиқ турдаги товарлар импортига бож солинади

Ўзбекистонда январь ойидан бошлаб 300 дан ортиқ турдаги товарлар импортига бож солинади

2020 йил 1 январдан бошлаб ҳозирда нол ставкада бўлган 300 дан ортиқ турдаги товарлар олиб кирилишига бож жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 2 октябрдаги қарорида сўз боради.

Ушбу товарлар қаторидан, антикварлар, велосипедлар, тирик балиқ, денгиз маҳсулотлари, асбест, металл тола, қуйма шиша, пружиналар, мис сим ва бошқа кўплаб маҳсулотлар ўрин олган. Уларни олиб кириш учун 5 фоиз ва ундан юқори қийматда бож тўлаш лозим.

Жорий йил бошидан буён бир неча юз товарларга нол ставкада божхона божи белгиланган эди. Орадан бир неча ой ўтгач, бу кўпчиликка ёқмагани маълум бўлганди.

Масалан, июнь ойида бир нечта компания бож ставкаларини қайта кўриб чиқишни сўраган эди. «Ҳар қандай давлатнинг мувозанатли иқтисодиёти маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда хорижий ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлашиши учун шарт-шароитлар яратишга асосланган» деган фикрлар билдирилганди.

«Биз ҳам Италиядаги каби пишлоқларни ишлаб чиқара оламиз. Аммо ҳозирда импортнинг катта ҳажми бизнинг бозордаги ўрнимизни эгалламоқда. Биз бу муаммони бефарқ қолдирмаслигимиз керак. Ўзимизга ишонишимиз лозим. Кўпроқ маҳаллий маҳсулотларга эътибор қаратиш керак», — дейди тадбиркорлардан бири.

Июль ойида божлар вақтинча кўтарилиши режалаштирилаётгани маълум бўлганди:

Биринчи навбатда бозорни қандай ҳимоя қилишимиз борасида аниқ тўхтамга келишимиз керак. 7000 та товардан иборат оддий рўйхат бор. Биз икки-уч йил ўзимизникиларни қўллаб-қувватлашимиз керак.

Адҳам Икромов, Савдо-саноат палатаси раиси

Бир қатор тадбиркорлар тайёр товарлар импортига вақтинча божхона божини жорий этиш ташаббуси билан чиққанди. Гап 1 январдан бошлаб нол ставкада кириб келаётган маҳсулотлар ҳақида борган. Уларга 10—20 фоиз бож жорий этиш таклиф этилган.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг таъкидлашича, ушбу босқичда янги божхона тарифларининг ўрнатилиши юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, импортни оптималлаштириш ва савдо бўйича манфаатли икки томонлама битимлар тузиш учун зарур шарт-шароитларни яратади.