Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистондаги банклар ўртасида рақобат қай даражада?
28.01.2023 17:53,  
80
 
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистон банк тизимида рақобат даражаси таҳлил қилинди.

Мазкур тадқиқотда “Herfindal-Hirshman” индекси (HHI)дан фойдаланилди. Мазкур индекс бозор концентрациясининг умумқабул қилинган ўлчовларидан бири ҳисобланади ва бозор рақобатбардошлигини аниқлаш учун ишлатилади.

Қайд этилишича, сўнгги 5 йилда Ўзбекистон банк тизимида рақобат активлар бўйича ҳам, кредитлар бўйича ҳам, депозитлар бўйича ҳам ортиб бормоқда. 2018 йил 1 январь ҳолатига активлар бўйича HHI индекси 1520 бўлган бўлса, 2022 йил 1 декабрь ҳолатига 1016 гача пасайди. Кредитлар бўйича ушбу кўрсаткич 1709 дан 1082 гача тушди.

Шунингдек, депозитлар бозорида бозор иқтисодиёти тамойилларига асосан фаолият олиб борилиши сабабли банклар ўртасида депозитлар учун кучли кураш мавжуд ва бу кураш йилдан йилга ортиб бормоқда. Ушбу тенденция депозитлар бўйича HHI индексининг 919 дан 852 гача тушганида ҳам яққол намоён бўлди.

Активлар. Давлат улуши мавжуд энг йирик топ-5 банкларнинг ("Ўзмиллий банк", "Саноатқурилишбанк", "Асакабанк", "Ипотека банк", "Агробанк") банк тизими активларидаги улуши 70,9 фоиздан 60,5 фоизгача камайди. Давлат улуши мавжуд бошқа банклар улуши 11 фоиздан 18 фоизгача ошган бўлса, хусусий банклар улуши 18,1 фоиздан 21,5 фоизгача кўпайди. 2025 йилга бориб, банк тизими активларининг умумий ҳажмида давлат улуши бўлмаган банклар активлари улушини 60 фоизгача ошириш режалаштирилган.

Мазкур даврда банк тизимига Tenge Bank, TBC Bank, Anor Bank, Uzum (Apelsin) bank ва Poytaxt Bank кириб келди. Ушбу банкларнинг жами активлардаги улуши 1,8 фоизга етди.

Кредитлар. Топ-5 банкларнинг жами кредит портфелидаги улуши 77 фоиздан 64 фоизгача камайди. Хусусий банклар улуши 11,6 фоиздан 16,6 фоизгача кўпайган бўлса, давлат улуши мавжуд бошқа банклар улуши 19 фоизга етди. Хусусий банклардан Kapital Bank, Hamkorbank, "Ипак йўли" банки тижорат кредитлари бозорида давлат улуши мавжуд банклар учун ҳам, бошқа хусусий банклар учун ҳам жиддий рақобатчига айланди. Kapital Bank’нинг жами кредит портфелидаги улуши 1,2 фоиздан 3,8 фоизгача ошган бўлса, Ипак йўли» банки улуши 1,8 фоиздан 2,1 фоизга кўпайди. Hamkorbank эса бозордаги 3 фоизлик улушини сақлаб келмоқда.

Депозитлар. 2018 йилнинг бошида топ-5 банклар банк тизимидаги жами депозитларнинг 51,2 фоизга эгалик қилган бўлса, 2022 йил 1 декабрь ҳолатига келиб уларнинг улуши 46,9 фоизгача қисқарди. Хусусий банклар томонидан жалб қилинган депозитлар улуши 34,1 фоиздан 36,4 фоизгача кўпайди. Давлат улуши мавжуд бошқа банкларнинг депозит бозоридаги улуши 2 фоиз бандга — 14,7 фоиздан 16,7 фоизгача ошди.

Депозитлар бозорида давлат улуши мавжуд банклар ва хусусий банклар ўртасидаги рақобатдан кўра хусусий банклар ўртасидаги ўзаро рақобат кучлироқ ҳисобланади. ЎзКДБ банкнинг ушбу бозордаги улуши 8,6 фоиздан 3,6 фоизгача камайган бўлса, Kapital Bank ўз улушини 4,8 фоиздан 10,9 фоизга етказиб олди. Hamkorbank депозитлари улуши 5,5 фоиздан 3 фоизгача камайди.

Депозитлар учун рақобатнинг кучайиши муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг жозибадорлигида ҳам ўз аксини топади. Масалан, 2017 йилнинг апрель ойида юридик шахслар муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 5,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг декабрь ойига келиб 12,1 фоизгача кўтарилди. 2022 йилнинг декабрь ойида эса 16,9 фоизга етди. Жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача ставка эса сўнгги 2 йилда 20 фоизни ташкил этиб келмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан