Ўзбекистондаги энг оммабоп миллий телеканаллар аниқланди

Ўзбекистондаги энг оммабоп миллий телеканаллар аниқланди

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан жорий йилнинг 5—15 март кунлари Ўзбекистонда энг оммабоп миллий телевизион манба ва форматларни аниқлаш мақсадида фуқаролар ўртасида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Унда республика бўйича жами 6 467 нафар фуқаролар иштирок этди. Сўровда шаҳар ва қишлоқ жойларидаги турли ёш ва касб эгалари қамраб олинди.

Сўров давомида фуқароларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ҳамда ахборот дастурларига бўлган эҳтиёжи, хабар ва янгиликларни кенгроқ аудиторияга етказиш кўрсаткичи, давлат ва хусусий телеканаллар томонидан эфирга узатилаётган теледастурларга нисбатан аҳолининг муносабати каби қатор масалалар ўрганилди. 

Сўров фуқаролар билан жойларда (таълим муассасалари, ташкилотлар, бозорлар, маҳаллаларда ва аҳоли гавжум жойларда) учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилди.

Жамоатчилик фикри сўрови аввалида респондентларнинг ҳафта давомида неча маротаба ва айнан қайси вақтлар оралиғида телевизор кўришлари ўрганилди. Маълум бўлишича, сўралганларнинг 2 449 нафари (37.9%) ҳар куни, 1 421 нафари (22%) ҳафтада 3-5 кун, 1 263 нафари (19.5%) ҳафтада 1-2 кун кўрадилар. Қолган натижалар билан қўйидаги инфографика орқали танишишингиз мумкин.

Республика бўйича ўтказилган, 6 400 дан зиёд фуқаролар иштирок этган сўров натижаларига кўра, миллий телеканалларнинг кучли бешлиги шакллантирилди. Эътиборлиси, унинг барча ўринларини хусусий телеканаллар эгаллади. Жойлашув тартиби қуйидагича: 󠄀 1-ўрин — Zo‘r TV (11,8%), 2-ўрин — Sevimli (9,6%), 3-ўрин — My5 (9,4%), 4-ўрин — Milliy TV (6,9%), 5-ўрин — Futbol TV (6,8%). Қолган натижалар билан қўйидаги инфографика орқали танишишингиз мумкин.