Ўзбекистондаги хитойлар: Дастлабки таассурот (1-қисм)

Ўзбекистондаги хитойлар: Дастлабки таассурот (1-қисм)

Фото: Sof.uz

Дастлабки таассурот

Хитойликлар билан ярим йилча ишладим. Уларни тиришқоқ ва меҳнаткаш, хушчақчақ ва бироз муғомбир одамлар сифатида билдим.

«Р»ни «Л», «Т»ни «Д» деб талаффуз қилади, ундошлар кетма-кет келса, орасига унли қўшиб айтади, «работа»ни «лобода», «топограф»ни «добогылаф», «каптива»ни «кабыдива» дейди. Ёшига нисбатан 8-10 йилга кичик кўринади. Деярли ҳаммасининг сочи тиканак.

Жуда вақтли уйғонади, кўп ухламайди. Инглизчани билади, аммо тушунарсиз талаффузи сабабли англаш жуда қийин. 5-6 йилдан бери ишлаётганлари русчани ўрганиб олибди. Бўш қолгани дарҳол «Хитойча-русча сўзлашгич»ни қўлига олади. Чунки уларда тил ўрганиш рағбатлантирилади, қанча кўп тил билса, маошига фоиз қўшилади. Баъзилари ўзбекча саломлаша олади, аммо тили энди чиқаётган бола каби эшитилади: асиоломалаекум.

Ичкиликни яхши кўрсада, маст бўлиб тўполон қилганини кўрмадим. Ўзбекча айтганда «кўтаради». Аёллар масаласида ўзини қаттиқ тийиб юради. Ўзбекистонда ишловчи россияликлар ўйнаш орттириши, фоҳишаларга бориши, эронийлар вақтинча никоҳланиб олиши мумкин, аммо хитойларда бунақасини кўрмайсиз.

Овқатлари аччиқ. Суюқ овқат, суякли гўшт, йогуртгача қўш чўп ёрдамида жуда тез ейди. Овқатланишга атиги 5 дақиқа вақт сарфлайди, мева-чевани тик туриб еб қўяқолади. Бир куни электр ўчиб қолди. Бунақа вақтда ўзбек телефони чироғини дастурхонга тутиб бамайлихотир тановулни давом эттиради. Аммо хитойлар қоронғида овқатланишга ўрганмаган экан. Ташқарига чиқиб симёғочнинг нури остида тик турганча овқатлана бошлади.

Овқат вақтида телевизорда фақат Хитой каналини кўради. Хитой телевиденияси ўзимизникидан қолишмас экан: зерикарли тарихий кўрсатувлар, креслога ўтирволиб суҳбат қуриш, мажлислар, концертлар... Си Жинпиннинг ҳар бир қадамини, сафарга кетиши ва қайтишини, фуқаролар билан учрашувини, турли иншоотларга ташриф буюриб йўл-йўриқ кўрсатишларини, аҳолиси унга пешвоз чиқишини тинмай кўрсатади. Мамлакатнинг 70 йиллиги нишонланди, телевизор бир ой концерту тантанадан бўшамади. Номига бўлсада, инглизча кўрсатувига кўзим тушмади. Аммо тил билмасангиз ҳам хориж хабарларида тарафкашлик ва бирёқламалик сезилиб туради: Америка, ғарб ва Туркия танқид қилинаётганини, Россия, Сурия ва Эрон ҳақида эса ижобий тасаввур бераётганини тез пайқайсиз.

Хитойларнинг ҳар бир икир-чикирни кўздан қочирмай қаттиқ ишлаши, тиришқоқлиги немисларга ўхшайди. Бироқ Ўзбекистонда қонун эмас, таниш-билиш ҳал қилишига улар дарҳол мослашиб олган ва бу жиҳатдан ўзбекларга ўхшайди. «Дастурхон дипломатияси»ни, керак бўлса, биздан ҳам ўтказиб юборади. Эҳтимол, Хитойнинг ўзида ҳам шунақадир, бекорга коррупциялашган давлат ҳисобланмайдику. Аммо зеҳниятидаги бу камчиликни меҳнаткашлиги билан ёпиб тараққиётга эришгани эътиборга лойиқ.

Хитойлар бошқарув вертикалига қаттиқ амал қилади, бошлиғи ўл деса ўлади, тирил деса тирилади. Бир куни эртадан кечгача тайёрланди. Хизматчиларнинг қўли-қўлига тегмади. Ҳаммаёқ тозаланди, сўйилган бутун қўй келтириб, сергўшт овқатлар пиширилди. Катта бозорлик қилиб келди. Билсам, компаниянинг бош менежери келаркан. Хитойчилик ҳам ўзбекчилик каби экан деб турсам, хушомадгўйликда биздан ўтиб тушаркан. Дарвоза олдига ўнтача хитойлик ходим текис саф тортди. Менежер деганлари бўйи бир ярим метрли юмалоққина киши «Прадо»дан тушар-тушмас саф тортганлар қаттиқ қарсак чалди. Шу бўйи қуюқ базм бўлди. Яшавор, лаганбардорлар. Аммо бой давлат фуқароларига лаганбардорлик ҳам ярашаверишига нима дейсиз?

Бир куни Хитой телевидениясида 40-50 йиллар манзарасини кўрсатди: оқ-қора тасвирлар, узун кўйлак ва зарли камзул кийган, пешонабоғ таққан қизлар рақс тушяпти, чопон-дўппидаги эркаклар қарсак чалиб куйлаяпти, тахта бортли юк машиналар тутқатор оралаб дала йўлида юрибди. Худди «Мафтунингман» киносидаги тасвирлар дейсиз. «Итс жаст узбекс» деб ўрнимдан туриб кетдим, бир хитой «уйгур» деб изоҳлади. Уйғурлар ўзбекларга шунчалик ўхшашлигидан ҳайратдаман.

Уйғурлар муаммоси Хитой телевидениесида кўрсатилмайди, оддий одамлари мутлақо бехабар. Аммо Хитой маданиятига сингишиб кетган уйғурлар ҳам бор экан. Бир куни хитойлардан бири мусиқа каналида хитойча куйлаётган қисиқ кўз бир қўшиқчини кўрсатиб ўз тилида алланималар деди. Аввалига эътибор қилмадим, кейин билсам, менга қарата «қўшиқ айтаётган одам уйғур» деётган экан.

Давоми бор...


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.