Ўзбекистондаги хитойлар: Маош ва маданият (2-қисм)

Ўзбекистондаги хитойлар: Маош ва маданият (2-қисм)

Фото: Sof.uz

Хитойликлар билан ярим йилча ишладим. Уларни тиришқоқ ва меҳнаткаш, хушчақчақ ва бироз муғомбир одамлар сифатида билдим.

Ўзбекистондаги хитойлар: Дастлабки таассурот (1-қисм)

Бир куни уларнинг биттаси билан билан анчагина гаплашдим, Хитой, унинг маданияти, сиёсати ҳақида ўзимни қизиқтирган саволларни бердим. Айрим жавоблари мени ҳайрон қолдирди, қарашларимга соя солди. Айтиб ўтишим керакки, суҳбатдошим олий маълумотли, ўрта поғонага мансуб раҳбарлардан, ёши қирқдан ошган. Рус-инглиз тилида аралаш суҳбатлашдик. Бир бошдан баён қиламан.

- Русчани қаердан ўргангансиз?

- Ўзбекистонга келиб ўрганганман. Ҳозир русчада (кўзини юмиб клавиатура тергандай ҳаракат қилди) мана бундоқ ҳам ёза оламан.

- Сизларнинг компаниянгиз давлатникими ёки хусусийми?

- Давлатники.

- Қанча маош беради?

- Ҳар хил олади. Масалан ёш мутахассислар 800-1000 олади (долларда).

- Ўзингизчи? Хитойда қанча оласиз, бу ерда қанча?

- Хитойда офисда 1500-2000. Айрим компаниялар ундан ҳам кўп тўлайди. 3-4 минг оладиганлар бор. Аммо дала шароитида ишласангиз яхши тўлайди. Шунинг учун ишлаймиз.

- Чет элда ҳам нефть-газ қидирганмисизлар?

- Албатта. Ўндан ортиқ давлатда ишлаганмиз. Араб давлатларида, Африкада, Покистонда бўлдик. Покистонда 5-6 минг долларгача маош олдик, чунки у жойлар хатарли. Ҳарбийлар кузатувида юрдик.

- Компаниянгиз кўп жойларда ишлаганми?

- Ҳозир дунёнинг 50та давлатида икки юздан ортиқ лойиҳалари ишлаб турибди.

- Нимага уйғурларни жуда кўп қамашяпти?

- Биласизми, у ерда террорчилар бор. Одамларни сўйиб ташлаган. Давлат террорчиларни ҳибс қиляпти, яхши одамлар эркин юрибди. Уруш ҳеч кимга керак эмас, Хитой тинчликпарвар давлат.

- Гонгконгда қачондан бери намойишлар бўляпти, гонгконгликларни қамамаяптику.

- Гонгконг – алоҳида давлат, уларнинг ички ишига аралашиб бўлмайди. Синзян эса Хитойнинг ичида.

У Хитойда яшаш жуда қимматлигини, иккита фарзандини ўқитиш харажатлари ниҳоятда юқорилигини, одамлар уй сотиб олиш учун умр бўйи ишлаб кредит тўлашини гапириб берди. Қайнона-қайнотаси билан бирга яшаркан, чунки ўзининг ота-онаси, қайнона-қайнотасининг эса бошқа фарзандлари йўқ экан. Уйининг расмини кўрсатди. Икки қаватли коттежсимон уй, панжарали девор ўралган ҳовлича бузоқнинг тилидек энсиз ва тор. Аммо иморат бежирим, ичкарисида ҳамма шароит бор, худди меҳмонхоналарга ўхшайди.

У билан Хитой раислари ҳақида ҳам гаплашдик. Си Жинпинни русчада улар президент ёки началник, деб тилга олади. Маълумки, Хитой давлатининг ўзи дунё ичидаги алоҳида дунё. Бизга яхлит монолитдек сезиладиган бу давлат ичида ҳам турли тоифалар, элатлар бор. Суҳбатдошим Ли буни тасдиқлаб, хитойликларнинг интеллектини ҳудудий фарқлаб берди. Энг ақлли хитойлар жанубда яшовчилар, шунинг учун барча «началник»лари жанубликлар экан. Шимол ва шарқдагилар ўртача, энг нофаол одамлар ва қолоқ минтақа ғарбий Хитойда экан.

Мен унинг Мао Сзедун ҳақида ҳам фикрини сўрадим. У ёки «камолотчи» ёки сир бой беришни истамайдиган одам – Мао ҳақида бирор нохуш гап айтмади. Аксинча, «началник»ларга жуда қийинлигини, улардан кўп нарса талаб қилиш эмас, уларга ёрдам бериш кераклигини, одамлар меҳнаткаш бўлса, мамлакат ривожланишини айтди. Шунда Маонинг нотўғри сиёсати сабабли миллионлаб фуқаролари ўлганлигини айтдим, бироқ бу гапларим унда таажжуб уйғотмади ва Маога нисбатан беҳурмат гап чиқишига сабаб бўлмади.

Суҳбатдошим Ли Ўзбекистонда кўп йиллар ишлаганлиги боис вилоятларимиз одамларининг характеридаги ўзига хосликларни ҳам фарқлаб олибди. Бухороликлар тадбиркор, водийликлар меҳнаткаш, тошкентликлар жуда културний, деди. Орол денгизи тарафдагилар кўп ичишади, уларни ишлатсак, алкотестер керак, Фарғона, Наманганда эса алкотестер умуман керак эмас, деб кулади.

У билан суҳбатимиз конкрет мавзуларда бўлганлиги сабабли айрим ишонувчанларни кўпроқ қизиқтирадиган «хитойлар ҳомилани ейдими?», «одам гўштини пештахтага илиб қўйишадими?» қабилидаги саволларни бериш бутунлай ноўрин эди. Гўёки, бу саволларни берсам, у менинг даражамдан куладигандек. Чунки унинг хатти-ҳаракатлари ва ўзини тутиши бунақа саволга ўрин қолдирмаганди.

Бошқа компанияларда хитойлар билан ишлайдиган танишларим уларни жуда маданиятсиз дея таърифлади. Эҳтимол. Бир халқнинг орасида ҳар хил тоифа одам учраши мумкин. Хусусан, дунёдаги энг кўп сонли халқнинг ичида. Аммо мен таниган хитойлардан ўрганса арзийдиган жиҳатлар бор эди. Хитойларнинг тиришқоқлиги, прагматизми, тажовузкор эмаслиги, омилкорлиги, синчковлигининг гувоҳи бўлганлар бу чумолидай меҳнаткаш, қўйдек ювош одамчаларни ёмон кўра олмайди. Оқлари корейс ва японга, қорачалари ўзимизнинг қозоқ ва қирғизларга ўхшовчи бу бир ярим метрли одамлар агар маҳаллий аҳолини ишлатса, ҳақини беради ва алдамайди. Кимгадир ёлланиб ишласа, сидқидилдан ишини адо этади.

Маҳаллий база ҳудудини тозаловчи фаррош қизларга хитойлар 1,5-2 млндан (150-210$) маош тўлагани учун улар эртадан кечгача куймаланиб юришарди. Чунки хитойлар келишидан олдин маҳаллий иш берувчи бор-йўғи 500 минг сўм иш ҳақи тўларди. Ишчилар лойиҳа тугашидан ва уларга катта маош бераётган хитойлар кетиб қолишидан ташвишланарди. Озиқ-овқат, иш кийими ва ётоқ иш берувчи ҳисобидан. Аммо, хитойлар яхши тўлаганига яраша қаттиқ ишлатади. Ўзбекистондаги каби меҳнат имтиёзлари, ҳафтада 1-2 кун дам олиш, 8 соатлик иш вақти, «оғайнилар билан гап»ни эсдан чиқариш керак. Шунга қарамай, хитой компаниялари олдида ишга кирувчилар ҳамиша сероб бўлади. Чунки чекка ҳудудларда малакасиз оддий ишчига 2-3 млн сўмлик (210-310$) маош тўлайдиган ҳотамтой йўқ ҳисоб.

Таъкидлаб ўтаманки, бу мен кўрганларим. Бошқа ерда бошқача бўлиши мумкин.

Давоми бор...


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.