Ўзбекистондаги хитойлар: ўзбеклар ва хитойлар ўртасидаги фарқ ва ўхшашлик​ (3-қисм)

Ўзбекистондаги хитойлар: ўзбеклар ва хитойлар ўртасидаги фарқ ва ўхшашлик​ (3-қисм)

Фото: Sof.uz

Хитойликлар билан ярим йилча ишладим. Уларни тиришқоқ ва меҳнаткаш, хушчақчақ ва бироз муғомбир одамлар сифатида билдим.

Хўш, хитойларни ишлаб чарчатмайдиган мотивация нима? Менимча, улар кўз ўнгида давлати тараққий этаётганидан, ишлаб натижасини кўриши мумкинлигидан руҳланади. Яхши ўқисам, тиришиб ишласам роҳатини кўраман, деб ҳисоблайди. Шу боис бўлса керак, сиёсатга қизиқмайди, тизимнинг қаттиққўллигига кўзини юмади, фикри зикри яхши яшаш. 60 йилларда Хитойда миллионлаб одамни олиб кетган очлик, маданий инқилоб қурбонларини ўз кўзи билан кўрган ота боласини яхшироқ шароитда ўстиришга интилиши табиий. Набираси эса янада яхшироқ таълим олади ва яшайди. Асрлар бўйи оддий фуқаронинг илигини қуритган очлик муаммоси аллақачон ҳал этилган.

Сун бобо тепкили мосламада зовурдан сув тортиб шоли етиштирган бўлса, Сун Чжан фабрикада ишлайди. Чжан Ван эса программист! Борган сари ҳаёт яхшиланаётганлигини кўришдан каттароқ мотивация бўлиши мумкинми? Улар ҳукумати тўғри йўлда кетаётганлигига шубҳа қилмайди.

Ўрни келганда айтиш керакки, бизда бундай эмас. Пулининг ҳидидан ухлай олмайдиган қатламнинг боласи «пулга сотилмайдиган нарса йўқ» ақидасида улғаяди. Қуйи қатламнинг фарзанди эса «гугурт бир тийин бўлган дориломон замонлар» ҳақида катталардан эшитиб ўсган. Энг яхши мураббий тарихдир, энг яхши мотивация ўрнакдир.

Ўзбекистон ҳақида сўз борганда кўпчилик консерваторча урф-одатларимиз, таниш-билишчилигимиз, маросимбозлигимиз, ошхўрлигимизни тараққий этишга тўсиқ дея, пессимистик хулосалар тақдим этади. Аммо мен ҳозирги ҳолатимизда ҳам дунё рақобат бозорига чиқишимиз ва тўкис яшашимиз мумкин, деб ҳисоблайман. Бунинг учун дунёда етакчи миллатлардан билимдонлик, ишбилармонлик, тиришқоқлик, пухталик сингари хусусиятларни «юқтирсак» бўлди. Ишни қойиллатиб қўйганингиздан сўнг, озгина «ўзбекчилик» бўлса, нима қилибди? Ўйланг: қойилмақом рус инженерини ишлатсак, ичкиликбозлигига кўз юмамиз; ҳиндга программа туздирганимизда унинг неча марта ювинишини сўрамаймиз; корейслар билан ҳамкорлик қилганда уларнинг итхўрлиги бизга умуман аҳамиятсиз. Шундай экан, биз ўзбекларда ҳам айрим камчиликлар бўлиши табиий, фақат дунё бозорида буюртмачи-ижрочи муносабатини сидқидилдан адо этишимиз лозим холос.

Қайсидир маънода ўзбеклар билан хитойлар ўхшаш. Улар россияликлар каби бизга юқоридан қарамайди, итоаткор ва сертакаллуф. Бироқ барибир Хитой давлатига яқинлашишга қаршиман.

Аслида Хитой давлати куч-қувватга тўлиб кичик давлатлар учун тобора хавфли бўлиб бораётгани ҳақида кўп ёзишяпти. Мен ижтимоий-иқтисодий оқибатларига тўхталмоқчиман. Биласизми, улар шу юмшоқлиги билан ҳам хатарли. Улар сизга «катта оға»нинг кибри билан «чойдан қуй», демайди, аксинча, чойни ўзи қуйиб тавозе билан узатади. Фақат иккинчи пиёлани ўзиникига узатади, кейин чойнак ҳам пиёла ҳам унга ўтиб кетади, пиёлани бўшатмасингиздан ўзингизни хитойлар қуршовида кўрасиз. Агар давлатимиз Хитойга яқинлашишда давом этса, йирик тармоқларнинг бари хитойларга ўтиб кетади. Ўтган асрдаги Малайзиядаги малайларнинг ҳолатига тушамиз. Гап, нафақат Хитойнинг иқтисодий қудратида, балки хитойларнинг туғма ишбилармонлигида. Агар маркетингда пихини ёрган хитойлар бозоримизни эгалласа, бармоғининг учида ўйнатиши мумкин. Ҳа, улар замонга мослаша олди, кирган жойидан фойда билан чиқишни ўрганди. Бунга жуда қисқа вақтда эришди. 30 йил аввал жон бошига ЯИМ бўйича биздан орқада эди, ҳозир қарийб уч баравар олдинлаб кетган. Биз анчагина кеч қолдик. Давлатимиз ҳам, одамларимиз ҳам. Келинг, мақоламни позитив руҳда тамомлай. Аммо ҳали барчаси қўлдан кетгани йўқ. Фақат билим, тиришқоқлик, ишбилармонлик бизни қутқаради.

Ш. Исломов,
2020 йилнинг июль ойи

Тамом

Ўзбекистондаги хитойлар: Дастлабки таассурот (1-қисм)

Ўзбекистондаги хитойлар: Маош ва маданият (2-қисм)


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.