Ўзбекистонга дрон олиб кириш ва ундан фойдаланишни соддалаштириш таклиф қилинди

Ўзбекистонга дрон олиб кириш ва ундан фойдаланишни соддалаштириш таклиф қилинди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистон Республикасига учувчисиз учадиган аппаратларни олиб кириш ва фойдаланиш тартибини соддалаштириш ҳақида петиция эълон қилинди.
Қайд этилишича, республикада туризм ва уни ривожлантиришга охирги йилларда катта эътибор ва маблағлар ажратилмоқда. 2019 йил давомида миллионлаб хорижлик сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюрган.

“Улардан бир қанчаси таклифимизга асосан чет элдан ташриф буюриб, чегарадан ўтишганида учувчисиз учадиган аппаратларни олиб киришда жуда ҳам мушкул вазиятда қолишгани ва бошқа давлатларда ҳеч қандай муаммоларсиз олиб кириб жуда ҳам чиройли видео тасвирларга олишганини таъкидлашди. Ўзбекистонга саёҳатни бир қанча давлатларда реклама тарзида кўрсатишмоқда ва бунга таяниб сизлардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дронлар, яъни учувчисиз учадиган аппаратларни учириш тартибини қайтадан кўриб чиқиб енгиллаштиришингизни ҳамда қонунларда белгиланган (МЖТК 1162-модда) жазо ва учувчисиз учадиган аппаратларни олиб кириш учун божхона томонидан қўйиладиган тақиқларни қайтадан кўриб чиқиб уларга ўзгартириш киритишингизни сўрайман”, — деб ёзади мурожаат муаллифи.

Таъкидланишича, тасвирга олиш учун мўлжалланган дронлар орқали мамлакатнинг жуда кўп чиройли манзилларини тасвирга олиш, интернет нашрларида уни тарқатиш ҳамда республикадаги туризмни янада ривожлантириш зарур.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда учувчисиз учадиган аппаратларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тартибини соддалаштиришни таклиф қиламиз”, — дея якунланади петиция.