Ўзбекистонни Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшиш нега керак?

Ўзбекистонни Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшиш нега керак?

Яқинда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгашининг раиси Валентина Матвиенко Тошкентга сафари чоғида Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиш масаласи устида иш олиб бораётганини маълум қилди. Сал кейинроқ Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳали аниқ қарор қабул қилинмаганини, ҳолбуки, мазкур масала деярли уч йилдан (яъни Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан) бери муҳокама этилаётганини айтди.

Албатта, Россия томони Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишини фаол равишда қўллаб-қувватлайди. Кремль учун ушбу республикани ўз геосиёсий таъсир доирасига қайтариш мумкин, чунки Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Россияга эҳтиёткор муносабатда бўлган ва уни потенциал таҳдид деб ҳисоблаган эди. Пировардида Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзоликдан чиқди ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилишни рад этди. Устига-устак, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепциясида мамлакатнинг ҳарбий блокларга қўшилмаслиги ҳамда сиёсий суверенитетига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган халқаро ташкилотлардаги фаолияти чекланиши белгилаб қўйилди.

Бироқ Каримовнинг ўлимидан сўнг ва биринчи президентга яқин бўлганлардан аксарининг сиёсий элитадаги таъсири камайтирилгач, Шавкат Мирзиёевнинг атрофида янги доира пайдо бўлди ва бунда асосий позициялардан бирини россиялик олигарх Алишер Усмонов эгаллади. У нафақат Россиянинг сиёсий ва бизнес элитаси билан яқин алоқаларга эга, балки Мирзиёевга қариндош тутинган ҳам. Усмоновнинг жияни Бобур (2013 йилда автотўқнашувда ҳалок бўлган) Шавкат Мирзиёевнинг жиянига уйланган эди.

Албатта, Усмонов тимсолида президент Мирзиёевнинг ёнида “ўз одамига” эга бўлган Россия бундан Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий манфаатларини амалга ошириш, хусусан, мамлакат раҳбариятини ЕОИИга қўшилишга “кўндириш” йўлида қўшимча таъсир воситаси сифатида фаол фойдаланади.

Россиянинг манфаатлари

Ўзбекистон геосиёсат борасида Россия учун бир неча йўналишда муҳимдир.

Биринчидан, минтақавий хавфсизликни асрашда муҳим актёр сифатида. Демак, Москванинг яна бир вазифаларидан бири Ўзбекистонни КХШТга қайтаришга уриниш бўлади.

Иккинчидан, Қозоғистоннинг ўрнига Марказий Осиёдаги эҳтимолий стратегик ҳамкор сифатида. Россия биринчи президент Нурсултон Назарбоев сиёсий саҳнадан кетиши ва республикада миллий-ватанпарварлик кайфияти ўсиши ортидан Қозоғистондаги ярим транзит даврини, мамлакатнинг мавҳум сиёсий истиқболини безоваталик билан узатмоқда.

Учинчидан, Ўзбекистонни ЕОИИга тортишга уринишнинг яна бир сабаби шуки, Хитойнинг ҳам икки томонлама, ҳам “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси доирасида Марказий Осиёда ҳаддан ортиқ инвестицион ва иқтисодий фаоллиги Россияга тобора камроқ ёқяпти. Дарвоқе, Ўзбекистон 2020 йилнинг 1 январидан Хитой фуқароларига визасиз режим (етти кунга) жорий этмоқда. Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида Хитой ҳарбий иштирокининг кучайиши ҳамда Пекиннинг тожик-афғон чегарасида 30-40 тагача пост қуришга розилик бериши Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳарбий-сиёсий иштироки вақт ўтиши билан камайиб бораётганини кўрсатади.

Тўртинчидан, АҚШнинг минтақадаги таъсирини камайтириш ҳам Россия учун муҳимдир. Дарвоқе, сентябрда Нью-Йоркда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШнинг «С5+1» форматидаги навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Аввалги учрашув 2019 йилнинг августида Қозоғистонда ўтказилган эди. Биринчи учрашув Ўзбекистонда ташкил этилган. Охирги пайтда «С5+1» форматидаги учрашувлар сонининг ортгани АҚШ ва барча Марказий Осиё мамлакатларининг муносабатларни турли масалалар бўйича давом эттиришга ўзаро қизиқиши борлигини кўрсатади. Ҳолбуки, АҚШнинг Марказий Осиёдаги манёврлари учун майдон анчайин тор: Марказий Осиёнинг беш мамлакатидан учтаси Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг аъзоси ҳисобланади, иккитаси Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилган, деярли барчаси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ишларида қатнашади. Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистонда ҳарбий базалари бор. Хитой ана шу икки давлат иқтисодиётининг энг йирик кредитори, шунингдек минтақадаги энг йирик инвесторлардан бири ҳисобланади.

АҚШнинг Марказий Осиёдаги энг муҳим иқтисодий ҳамкори – бу Қозоғистон. Бироқ айни пайтда иқтисодий сиёсатни либерализация қилаётган ва Афғонистондаги тинчлик жараёнининг муҳим актёрлардан бири ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам яна бир иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий ҳамкорга айланадиган кўринади. Шундай қилиб, Американинг хавфсизлик соҳасидаги (иқтисодий ва ҳарбий) ташаббуслари нуқтаи назаридан Вашингтон учун энг катта қизиқишни айнан Қозоғистон ва Ўзбекистон уйғотиши мумкин. Турган гапки, буларнинг бари Россия ва Хитойга ёқмайди.

Етти марта ўлча...

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июнида Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи йиғилишида Ўзбекистоннинг товар айланмасининг 70 фоизи Россия ва ЕОИИга тўғри келаётганини, мамлакат учун янги бозорлар кераклигини таъкидлади. Албатта, Ўзбекистон учун ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, Uz-Daewoo автомобиллари ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспортини Россия ва ЕОИИнинг бошқа мамлакатларига ошириши муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда, Ўзбекистон президентининг фикрича, қўшни давлатлар жўғрофий жойлашув борасида устунликка эга.

“Биз йўллардан узоқдамиз. Қўшниларимизда денгизга чиқиш учун йўл бор. Бизда ҳозир импорт кўп, бироқ ҳар бир доллар – бу бизнинг бойлигимиз, чунки биз валюта тўлаяпмиз. Россияга ўз манафаатларига эга Қозоғистон орқали чиқяпмиз. Ҳеч ким бизга йўлни енгиллатмоқчи эмас”, – деди Мирзиёев. Шунингдек у Ўзбекистон ЕОИИга қўшилгудек бўлса, бу импортнинг ўсишига ва кўплаб ўзбек корхоналарига зарба бўлиши мумкинлигига ишора қилди. Эксперт гуруҳи Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилишидан келиб чиқадиган плюслар ва минусларни ўрганаётгани ҳақида Содиқ Сафоев айтган сўзлар ажабланарли эмас.

Албатта, Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати фаоллашди. Жорий йил сентябрида Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига (Туркий Тилли Давлатлар Ҳамкорлик Ташкилотига) қўшилгани ҳам бунинг далилидир. Ислом Каримовнинг Туркия билан муносабатлари таранг бўлгани учун ҳам Ўзбекистон бу ташкилотга қўшилмаган эди. Каримов Анқаранинг Марказий Осиёда Россиянинг ўрнига “катта оғалик” қилишга уринганидан шубҳаланганди. Аммо Турк Кенгаши – бу ЕОИИ эмас, чунки туркий тилли давлатларнинг бирлашуви маданий-гуманитар ва тил бирдамлигига асосланган бўлиб, ЕОИИда бўлгани сингари иқтисодий суверенитетни чеклашга уринмайди.

Агар Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшиладиган бўлса, Қозоғистон сингари Россиядан мунтазам ташланадиган ва кўпинча ЕОИИга аъзо бошқа давлатлар суверенитетини шубҳа остига оладиган, ягона валюта ва ягона парламент тузиш ҳақидаги ахборотларни даф қилиб туришига тўғри келади. Масалан, яқинда Евроосиё Тараққиёт Банки бошқаруви раиси Андрей Бельяниннинг мазкур банк келгусида ЕОИИнинг марказий банки бўлиши ҳақидаги баёноти Қозоғистонда ҳақли равишда салбий реакцияга сабаб бўлди. Қозоғистон пул-кредит ва валюта масалалари мутлақ равишда ЕОИИ мамлакатлари марказий банкларининг ваколатига киришини расман маълум қилди. Шунинг учун валюта иттифоқини тузиш ва ягона валютани жорий этиш кутилмаяпти.

Эҳтимол, Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш ёки қўшилмаслик борасидаги музокаралар вақт олади. Аниғи шуки, Москва ва Тошкент Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши туфайли келиб чиқадиган афзалликлар ва хатарларни ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳи тузган, гуруҳ ўз ҳисоботини 2019 йилнинг охиригача тақдим этиши зарур. Тожикистон ҳам 2015 йилдан бери ЕОИИга аъзо бўлиш масаласини ўйлайди, Душанбе мунтазам равишда бу аъзоликнинг плюслари ва минусларини ўрганаётганини айтиб келади. Қизиғи, Ўзбекистондан фарқли равишда Тожикистон сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан Россияга кўпроқ боғланган. Афтидан, минуслар ваъда қилинган плюслардан кўпроқ. Янада қизиғи, Москва бу масалада Душанбега ортиқча босим ўтказмади, чунки уни ЕОИИ доирасида Ўзбекистон сингари қимматли ҳамкор деб ҳисобламайди. Балки Россияда Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлгандан кейин ташкилотга қўшилишни Тожикистоннинг ўзи сўрайди деб ўйлашаётгандир.

Қопқондаги пишлоқ

Лекин Тошкент ҳам Душанбе сингари ЕОИИ аъзоларининг бир-бирларини доимий равишда ташкилот қоидаларини бузиш, шунингдек тартибга солишнинг нотариф усулларидан фойдаланиш ва протекционизмда айблашларини диққат билан кузатиб келяпти. Беларусь бундай айбловларни Россияга мунтазам йўналтиради. Қирғизистоннинг фикрича, Қозоғистон қирғиз маҳсулотларининг экспортига сунъий тўсиқлар яратяпти. Айрим қирғиз сиёсатчиларга кўра, агар Қирғизистон Қозоғистон билан Жаҳон Савдо Ташкилоти қоидалари бўйича ҳамкорлик қилганида, ЕОИИ доирасидаги ҳамкорликдан кўпроқ афзалликларга эга бўлар эди.

Албатта, оптимистлар Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши Россияга амалга ошириладиган ўзбек экспорти учун божларнинг камайишига олиб келишини айтмоқда. Худди шу нарса Қозоғистон, Беларусь ёки Қирғизистон ҳам ЕОИИга аъзо бўлаётганида айтилган эди. Шундай экан, мазкур иттифоққа қўшилгандан кейин Тошкент ҳам худди шундай муаммоларга учрамаслигига кафолат йўқ. Устига-устак, Россия ўзига қаратилган санкциялардан кейин импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга ва ўз бизнесини қўллаб-қувватлашга кўпроқ эътибор қарата бошлади, бу эса ўз-ўзидан протекционист чораларнинг ортишига олиб келди. Дарвоқе, яқинда Ереванда бўлиб ўтган Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши йиғилишида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев алоҳида ҳолатларда ўз ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш истаги интеграциянинг мақсади ва вазифаларидан устун қўйилаётганини, ЕОИИ судининг қарорлари эса кўпинча аъзо давлатлар томонидан эътиборга олинмаётганини таъкидлади.

Айни пайтда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни Россия билан боғлаб турадиган муштарак омил мавжуд – меҳнат миграцияси. Ўтган йили мигрантлар Қирғизистонга 2,5 миллиард доллар юборди, шунинг 90 фоиздан ортиғи Россиядан келган. Жисмоний шахсларнинг Россиядан Тожикистонга пул ўтказмалари ҳажми эса 2 миллиард 553 миллионга тенг бўлди. Россиядан пул ўтказмалари ҳажми бўйича Марказий Осиё давлатлари орасидаги биринчилик айнан Ўзбекистонга тегишли – 4,082 миллиард доллар. Евроосиё Тараққиёт Банки мутахассисларининг ҳисоб-китобига кўра, агар Тожикистон ЕОИИга қўшиладиган бўлса, меҳнат миграцияси ҳажми 10-15 фоизга, пул ўтказмалари ҳажми эса 15-25 фоизга ортади, чунки тожикистонликларнинг Россияда иш топиши ва ўз ҳуқуқларини ҳимоялаши осонлашади. Бундан ташқари, банк ҳисоботида Тожикистон иқтисодиётига инвестициялар миқдори ҳам ортиши айтилган.

Афтидан, Россиянинг Ўзбекистон билан музокараларидаги важлари ана шу плюслар – аслида синчиклаб разм солинса, минуслар – атрофида бўлади. Чунки меҳнат мигрантлари етказиб берадиган давлатда меҳнат бозори ривожланмаган, ишсизлик даражаси юқори, иқтисодиёт кучсиз ва турмуш даражаси паст бўлади, бу эса ишчи кучининг йўқотилишига олиб келади. Агар Ўзбекистон ЕОИИга аъзоликдан Россия ёки Қозоғистонга меҳнат миграциясини ва мигрантлар жўнатадиган пул ҳажмини оширишдан бошқа фойда кўрмаса, мамлакат арзон ишчи кучи етказиб беришдан нарига ўтмайди, инсон капиталининг сифати, ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурслари малакаси ўсмайди. Бу эса Мирзиёевнинг иқтисодиётни модернизациялашга бўлган барча уринишларини чиппакка чиқаради.

Россия инвестициясига тўхталадиган бўлинса, Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги иштирокисиз ҳам бу мамлакатда Россия сармояси қўшилган 1200 атрофида корхона фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияси ҳажми 8,5 миллиард доллардан ошган. Бу асосан Россиянинг «Газпром» ва «Лукойл» компаниялари фаолияти билан боғлиқ. Бундан ташқари, Россиянинг «Зарубежнефть» компанияси Ўзбекистонда нефть қазиб олиш бўйича қўшма корхона очмоқчи. Яқинда ўтказилган Россия – Ўзбекистон минтақавий ҳамкорлик форумида айтилишича, Россия Ўзбекистонга 21 миллиард доллар инвестиция киритади. Бундан ташқари, 2017 йилдаёқ Россияга мева-сабзавот етказиб бериш бўйича 612 миллион долларлик келишув имзоланган эди. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги энг асосий қўшма лойиҳалардан бири Ўзбекистонда “Росатом” компанияси иштирокида илк атом электр станциясининг қурилиши ҳисобланади. Бу Россия учун геосиёсий лойиҳа ҳамдир, чунки Ўзбекистонда Россия АЭСининг пайдо бўлиши Ўзбекистоннинг мутахассислар тайёрлаш, атом станциясини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш борасида узоқ йиллар Россияга боғлиқ бўлиб қолишини англатади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ЕОИИга қўшилмагунча Россиянинг эътиборидан маҳрум қолмайди. Москва Тошкентни минтақадаги ҳаддан ташқари муҳим актёр деб ҳисоблайди, шунинг учун ЕОИИга яқин орада аъзо бўлмаган тақдирда ҳам, Ўзбекистонни ўзидан итармайди. Ўзбек маҳсулотлари учун янги бозор масаласи ҳақида эса Хитой қўшимча муқобил бўлиши мумкинлигини айтиш мумкин. Хитой ҳозир ҳам Россиядан кейин Ўзбекистоннинг иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.

Досим Сатпаев, сиёсатшунос

Манба: Forbes.kz