Ўзбекистоннинг энг йирик банки евробонд чиқарди

Ўзбекистоннинг энг йирик банки евробонд чиқарди

Фото: Степанов Слава

Ўзбекистонинг капитализациясига кўра энг йирик банки «Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» Лондон фонд биржасида 5 йиллик 300 миллион долларга тенг еврооблигацияларни муомалага чиқарди.

Еврооблигацияларнинг дебют эмиссияси Ўзмиллийбанк томонидан Citibank (АҚШ), Natixis (Франция), SMBC Nikko (Япония) ва Газпромбанк (Россия) каби халқаро миқёсда тан олинган андеррайтинг банклари билан биргаликда амалга оширилди.

2020 йил 14 октябрда инвесторларнинг таклифларига асосланган молиявий консультантларнинг тавсиясига кўра, Ўзмиллийбанкнинг илк даромадлилик фоиз ставкаси 5 - 5.25% (low-5%) белгиланди ва Лондон вақти билан соат 08:15 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди. Лондон вақти билан 17:00 да банк томонидан чиқарилган халқаро облигациянинг якуний фоиз ставкаси ва купони аниқланди. Сармоядорлар томонидан талаб катта бўлганлиги ва бу эмиссия ҳажмидан икки баравар юқори бўлганлиги сабабли, купоннинг якуний қиймати йилига 4,85%ни ташкил этиб, савдо пайтида бошланғич фоиз ставкадан 0,30% га камайди.

2019 йил ноябрь ойида Саноат қурилиш банки Лондон фонд биржасида 300 млн АҚШ долларлик евробондларни чиқарган эди.

Шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинати 2020 йилнинг 1 ноябрига қадар камида 300 миллион долларлик корпоратив облигациялар чиқариши режалаштирилган эди.