Ўзбекистоннинг энг йирик банки устав капитали миқдорига тенг акция чиқарди

Ўзбекистоннинг энг йирик банки устав капитали миқдорига тенг акция чиқарди

Фото: Степанов Слава

Капитализациясига кўра Ўзбекистондаги энг йирик банк Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки устав капитали миқдорига тенг миқдорда оддий акция чиқарди.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги хабарига кўра, Миллий банк номинал қиймати 1 000 сўм бўлган 11 582 700 201 (11 миллиард 582 миллион 700 минг 201 дона) оддий акцияни 2020 йил 14 январ куни давлат рўйхатидан ўтказган.

Акцияларнинг умумий қиймати қарийб 11.6 триллион сўм — Миллий банкнинг устав капитали миқдорига тенг.

Миллий банк акциялари молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли.

Молия вазирлиги ҳисобида 4,8 триллион (41.51 %) сўмлик, жамғармада эса 6,7 триллион (58.49 %) сўмлик акциялар бор.

2019 йил 30 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4540-сонли қарорига асосан «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» Давлат унитар корхонаси (ДУК)дан акциядорлик жамияти (АЖ) шаклида қайта ташкил этилган эди.

Оддий акция – бу унинг эгаси ҳиссадорлик жамияти капиталига ўзининг маълум ҳиссасини қўшганлигига ва унинг фойдасидан дивиденд шаклида даромад олиш ҳуқуқи борлигига гувоҳлик берувчи қимматбаҳо қоғоз. Бундан ташқари, оддий акция корхонани бошқаришда қатнашиш ҳуқуқини ҳам беради.