«Ўзбеккино» коронавирус ҳақида филм олишни бошлади

«Ўзбеккино» коронавирус ҳақида филм олишни бошлади

Фото: “Ўзбеккино” Миллий агентлиги

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ёрдамида COVID-19 ҳақида ҳужжатли фильм тайёрлашга киришди.

Маълум қилинишича, филм кинохроника кўринишида бўлиб, унда вируснинг Ўзбекистонда тарқалиши, шунингдек COVID-19 пандемиясига қарши курашда ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар акс эттирилади.

Унда коронавирус билан касалланганлар учун қурилаётган шифохоналар ҳақида лавҳалар, ҳукумат аъзолари, тиббиёт ходимлари, экспертлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳамда тузалиб чиққан беморларнинг интервьюларига кенг ўрин берилади.

“Бугун қаҳрамонларимиз бошидан кечираётган оғир синовлар ҳақида ҳикоя қилиш орқали биз Ўзбекистонда COVID-19га қарши олиб борилаётган шиддатли кураш манзараларини, давлатимиз томонидан фуқароларимиз ва иқтисодиётимизни ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган ишларни кўрсатишни мақсад қилганмиз, — дейди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

– Биз шунингдек, бу жараён бутун дунёда, хусусан бизнинг мамлакатимизда қандай вужудга келгани ва ривожланганини, бу мудҳиш пандемияга қарши қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўрсатиб берувчи видеоматериаллар базасини ҳам яратамиз. Ана шу база туфайли келгусида тадқиқотчилар ва экспертлар COVID-19га қарши курашда Ўзбекистон тажрибасини ўрганишлари мумкин бўлади. Биз айни пайтда янги Ўзбекистоннинг жиддий синовлар давридаги тарихини ёзиш ва суратга олишга киришганмиз”.