“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Қашқадарё вилоятидаги маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар номенклатураси билан танишди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Қашқадарё вилоятидаги маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар номенклатураси билан танишди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви Раиси Меҳриддин Абдуллаев ва Қашқадарё вилояти хокимининг инвестициялар ва ташқи савдо буйича ўринбосари Бахром Юсупов “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг Қарши шаҳрида жойлашган “Қарши термопласт” ишлаб чиқариш объектида бўлиб, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар номенклатураси ва ишлаб чиқариш шароитлари билан танишди.

“Қарши термопласт” 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, йилига 5 минг тонна полиэтилен маҳсулотини қайта ишлаб, қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган суғориш қурилмалари ва улар учун зарур бўлган бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонадир.

“Қарши термопласт” томонидан ишлаб чиқарилаётган 12 турдаги маҳсулотлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг маҳаллийлаштириш дастурига киритилган бўлиб, 2020 йилда дастур доирасида 70 млрд сўмга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Ташриф давомида Бошқарув раиси қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида сувни иқтисод қилишга мўлжалланган янги турдаги томчилаб суғориш тизимларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларга алоҳида тўхталиб, бундай маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда жорий қилиш майдонини йилига 10 минг гектардан кўпайтириш кералиги зарурлигини таъкидлади.

Ишлаб чиқарилаётган сув қувурлари билан бир қаторда, газ соҳасида қўллаш мумкин бўладиган полимер қувурлар ва боғловчи деталлар ишлаб чиқариш жорий қилиш бўйича таклиф берилди.

Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 9 ойида 60 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, йил якунига қадар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 80 млрд сўмга етказиш режалаштирилган.

“Қарши термопласт” ишлаб чиқариш базасига Хитой Халқ Республикасининг “Qingdao Xindacheng Plastic Machinery Co., Ltd.” компанияси томонидан умумий қиймати 470,2 минг долларлик томчилатиб суғориш тизимининг полимер қисмларини ишлаб чиқариш линияси ўрнатилган.

Ҳозирги кунда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Қарши термопласт” томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни республикадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга томчилатиб суғориш тизимини етказиб бериш ва унинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда.

Ташриф давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви Раиси лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўздан кечириб, ушбу фаолият турини янада кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.

Хусусан полимер маҳсулотидан турли маркадаги бурғилаш ва газ ўтказиш қувурлари, янги турдаги композит панелларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш буйича вазифалар белгилаб берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати