Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзингизни хунук деб ҳисоблайсизми? У ҳолда буни ўқинг!
22.11.2020 21:50,  
1967

Яқинда тишимдаги муаммо сабаб стоматологларга кўп ишим тушди. Шунинг баҳонасида қизиқарли нарсаларни ҳам билиб олдим. Хусусан, кўпчилик юз гўзаллигини туғма деб ҳисоблайди. Аслида эса бу феъл-атвор маҳсули экан. Қуйидаги ўқийдиганингиз ҳеч қандай пластик жарроҳликларсиз, шунчаки феъл-атворни ўзгартириб, гўзал бўлишни истаганлар учун! Янаям батафсил эса Тошкент шаҳридаги хусусий стоматологик клиникалардан бирининг тажрибали шифокори Иззатбек Саломов сўзлаб беради.

– Даставвал, тишларнинг нотўғри ривожланиши юзга қандай таъсир қилиши ҳақида айтиб берсангиз.

– Тишлар жағ анатомияси ва юз суюклари тузилишига катта таъсир ўтказади. Болаликда тишларнинг нотўғри шаклланиши кейинчалик юз соҳасига салбий таъсир қилиши мумкин. Хусусан, ияк соҳасида икки иякнинг пайдо бўлиши, чуқур тишлов ва ҳоказолар салбий ҳолатлар билан тавсифланади. Иякнинг ингичка ёки катта бўлиб кетиши, бурун ва кўз чаккаларидаги суякларнинг номутаносиб шаклланиши шу каби турли асоратлар келтириб чиқаради. Бироқ ҳамма ҳам ушбу нуқсонлар тишларга эътиборсизлик туфайли келиб чиққанини билавермайди – буни шунчаки туғма юз тузилиши деб ҳисоблашади. Аслида эса, бизга арзимас бўлиб туйилган кичик одатлар юз эстетикасини йиллар давомида нотўғри шакллантириб боради.

Бу арзимасдек кичик одатларга нималар киради?

– Аввало, болани гўдакликда нотўғри эмизиш, узоқ муддат сўрғичдан фойдаланиш жағ суякларининг тўғри шаклланишига салбий таъсир қилади. Бунда чуқур тишлов (тепа тиш қатори ва пастки тиш қатори бирлаштирилганда тенг бирикмаслиги), тишларнинг нотўғри, қийшиқ ўсиши кузатилади. Бу эса жағ ва иякка, у орқали эса бутун юз тузилишига таъсир ўтказади. Айрим болалар ўтиш даврида хаёлпараст бўлиб қолишади: кўпинча дарсда қўлларини иякка тираб, узоқ вақт хаёл суриб қолишади. Бу ҳам юз суякларию тиш ҳолати ўзгаришига олиб келади. Бошқаларининг эса (катталарда ҳам) ёзаётганда ручкани оғзига солиш одати бор. Бу ҳам чуқур тишловга олиб келувчи омиллардан. Баъзилар қўрқув, ўйчанлик сабаб тепа ё пастки тишларини тишлаб туришга ўрганиб қолишади. Жағ анатомиясига салбий таъсир қилувчи нарсалардан бири ҳам шу. Жағдаги асоратлар ҳеч қандай оғриқсиз, сезилмай ўтаверади. Ҳатто бир умр! Охир-оқибат нотўғри чайнов пайдо бўлади.

Овқат оғизда меъёрда майдаланмаслиги (чайналмаслиги) ошқозон-ичак касалликларини келтириб чиқаради. Юз эстетикаси ҳам нуқсонли шакллана боради. Кейинчалик нотўғри нафас олишга олиб келиши мумкин. Бу ўпканинг ҳаво билан тўлиқ тўйинмаслигига, натижада эса ўпка ва юрак касалликларини келтириб чиқаришига «ҳисса қўшади».

– Демак, тишларнинг нотўғри шаклланиши нафақат уларнинг кўринишига, балки бутун юз тузилишию ички органлар фаолиятига ҳам таъсир қилар экан-да?

– Албатта, чунки ҳар бир тиш юз суяклари билан боғлиқ.

– Юз эстетикаси рисоладагидек бўлиши учун қандай маслаҳат ва тавсиялар берасиз?

– Аввало, юқоридаги арзимасдек кўринган салбий одатлардан тийилиш зарур. Оилада тиббий тушунчага эга бўлиш, фарзандларнинг тишию оғиз соҳасида бўлаётган ўзгаришларга бефарқ қарамаслик керак. Тиш шифокори кўригидан ўтаётганда тишлар тўғри ривожланяптими, бошқа шифокорга ҳам зарурат борми – шулар ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.

– Бугунги кунда нуқсонли тишларни ёки нотўғри шаклланган тишлов (прикус)ни даволаш мумкинми?

– Албатта. Бугун бу каби муаммоларни брекетлар (тишга махсус темирлар тортилиши) ва операция орқали тўғрилаш мумкин. Брекет қўйилгач, юз тузилиши сезиларли даражада ижобий томонга ўзгаради. Муҳими – ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш. Болаликда – ҳали суяклар ривожланиши даврида тиш ва жағдаги нуқсонлар брекет билан қисқа муддат (6 ой)да тўғриланади. Ёш улғайган сари жараён қийинлашади: 6 ойдан 2 йилгача чўзилиши мумкин. Баъзида эса операция қилишга ҳам тўғри келади. Аммо ҳар қандай ёш ва ҳолатда ҳам, бугунги замонавий тиббиётда ушбу муаммони бартараф этиш йўллари мавжуд.

Демак, турли зарарли одатлардан тийилиш орқали ҳам соғлом ва бенуқсон юз тузилиши соҳибига айланиш мумкин экан. У ҳолда ҳозирданоқ хатти-ҳаракатларимизга эътиборли бўлиб, жағ ва юз суяклари бенуқсонлигини таъминлашни унутмайлик.

Мафтуна Каримова суҳбатлашди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан