Ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади – Президент

Ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади – Президент

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари коронавирус инфекциясига қарши кураш ишларига яна бир бор тўхталиб ўтди.

Иқтисодиёт тармоқларида фаоллик тикланмоқда. Мисол учун, охирги ҳафтада тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергияси истеъмоли 13 фоизга кўпайган. Шунингдек, охирги икки ҳафтада биржада цемент савдоси олдинги ойнинг шу даврига нисбатан 104 минг тоннага, ёқилғи маҳсулотлари 74 минг тоннага, қурилиш ойнаси 60 минг квадрат метрга ошган.

Эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” зоналарга ажратган ҳолда, 110 мингга яқин тадбиркорлик субъектининг фаолиятига рухсат берилди, 600 мингдан зиёд ходимлар иш жойига қайтди.

Умуман, сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди.

18 май куни давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади.

– Қанчалик оғир бўлмасин, нима шароит яратиш зарур бўлса, барчасини қилдик. Энди иқтисодиёт ва инвестиция комплекслари, сектор раҳбарлари қуйи тизимда ушбу имтиёзларнинг ҳар бир тадбиркор ва фуқарогача етиб боришини таъминлаши керак, – деди Президент.

Республика комиссиясига соҳалар ва ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, қолган 40 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам босқичма-босқич рухсат бериш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, ҳозирги вақтда мамлакатимизнинг 38 та тумани “қизил” зонада қолаётгани боис карантин қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланди.

Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади.

Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя. Илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобил илова ишлаб чиқилади.