OʻzLiDeP ва ХДП ҳам Лукойл амалдорининг ҳаракатлари юзасидан тушунтириш талаб қилмоқда

OʻzLiDeP ва ХДП ҳам Лукойл амалдорининг ҳаракатлари юзасидан тушунтириш талаб қилмоқда

Аввалроқ, “LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY” масъулияти чекланган жамияти амалдори – бош энергетик Иван Александрович Шилов Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод тумани, Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини ҳақорат қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

OʻzLiDeP ҳам ушбу масала юзасидан тушунтириш талаб қилмоқда.

"Шу кунларда интернет сайтларида ва ижтимоий тармоқларда “LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY” МЧЖ раҳбар ходими томонидан Қашқадарё вилоятида жойлашган Жарқудуқ мажмуаси ишчилари шаънига номақбул сўзлар айтаётгани акс этган видеолавҳа кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Биз мазкур вазиятдан келиб чиқиб, хизмат вазифасини бажариш давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун масъул ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чораларини кўриш энг тўғри йўл деб ҳисоблаймиз. У ким бўлишидан қатъий назар турли миллат ва элат вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ҳамда шахсиятини топташга асло йўл қўйиб бўлмайди. Зеро, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатлари жуда яхши ривожланган.

OʻzLiDeP компания раҳбариятидан инсон шаънига нисбатан қилинган бундай тажовуз иштирокчисига нисбатан кўрилган чора юзасидан яқин вақт давомида жамоатчиликка ахборот бериш лозим деб ҳисоблайди. Зеро, шахс қадр-қиммати, унинг шаъни дахлсизлиги Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда халқаро нормаларга мувофиқ олий қадрият ҳисобланади.“

Шунингдек, Халқ демократик партияси ҳам ушбу масала юзасидан изоҳ сўради:

“LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY” МЧЖ раҳбар ходими томонидан Қашқадарё вилоятида жойлашган Жарқудуқ мажмуаси ишчилари шаънига номақбул сўзлар айтгани акс этган видеолавҳа кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётгани бежиз эмас. Ҳеч нарса инсон ҳуқуқи, қадр-қиммати ва шаънидан устун қўйилмаслиги керак.

“LUKOIL UZBEKISTAN OPERATING COMPANY” МЧЖ маъмурияти кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган видеолавҳа юзасидан тегишли тартибда ўрганиш ўтказиб, ҳолат бўйича расмий изоҳ, тушунтириш бериши зарур.

Ваколатли идоралар ходимларнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўриши, кенг жамоатчилик бу ҳақда хабардор этилиши лозим.“

Аввалроқ, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам бу ҳолатга партиянинг муносабатини билдирган эди.