OʻzLiDeP вакили «Миллий тикланиш»нинг таклифини Конституцияга зид деб атади

OʻzLiDeP вакили «Миллий тикланиш»нинг таклифини Конституцияга зид деб атади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, OʻzLiDeP аъзоси Дилором Файзиева “Миллий тикланиш” ДП аъзолари томонидан илгари сурилган таклифни Конститутсияга зид деб атади.

“...сайловолди ташвиқоти баҳонасида “Миллий тикланиш” ДП аъзолари томонидан 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор аёлларнинг маошларига таъсир қилмаган ҳолда, иш вақтини қисқартириш таклифи илгари сурилаётгани турли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Албатта, уй юмушлари зиммасига юкланган аёлларнинг муайян қисмига бундай таклиф жуда ёқиши ва бу билан мазкур партия сайловларда ўзига хайрихоҳ бўладиган инсонларни кўпайтиришни кўзлагани ҳеч кимга сир эмас“.

Мақолада аёл қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларнинг таъминловчи нормалар миллий ва халқаро қонунчиликда етарлича экани таъкидланган. Мисол тариқасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари келтирилган.

“Ҳозирги вақтда миллий қонунчилигимизда аёлларимиз учун яратилган ҳуқуқлар ва имкониятларнинг кафолатланишини мустаҳкамлаш баробарида, давлатимиз ва жамиятимиз хотин-қизларга нисбатан камситувчи қарашларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошираётган бир пайтда, аёлларнинг иш вақтини қисқартириш таклифи билан чиқилиши ривожланган мамлакатлар қаторида ўрин олишга юзланган Ўзбекистон шароитида қанчалик ўринли? Ўйлаб кўрайлик-чи, масаланинг бундай қўйилиши жамиятимиз ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Биринчидан, бундай ёндашув Конституциямизга зид бўлиб, барча қонунларимизда мустаҳкамланган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилига риоя қилинмаслигини келтириб чиқаради.

Иккинчидан, иқтисодиётда, давлат ва жамият ҳаётида фаол аёлларнинг бор имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқаришларига салбий таъсир кўрсатади“.