Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Озодлик учун курашиш керак(ми?)
27.11.2019 17:44,  
1355

Бугун Туркистон Мухторияти ташкил топган кун.

Бундан 100 йил аввал – 1917 йил 27 ноябр куни минтақадаги мусулмонларнинг илк ҳукумати – Туркистон Мухторияти тузилган эди.

1917 йил 26-29 ноябрда Қўқонда бўлиб ўтган Умуммусулмонлар қурултойи Туркистон Мухторияти ҳукуматининг ташкил топганини эълон қилган.

Ўн йилча бўлиб қолди, шекилли, бир нарсани ўйлайман.

Туркистон 1852 йилда Оқмачит (Қўқон хонлиги – ҳозирда Қизилўрда, Қозоғистон) ишғолидан бошланиб, 1881 йилда Гўктепа (Хива хонлиги – Гёкдепе, Туркманистон) қонга ботирилиши билан тугаган жанглар асносида босиб олинди. Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги кўп ерларини йўқотиб, вассалга айланди. Орада Пўлатхон қўзғолони (1874-1876), Дукчи Эшон қўзғолони (1898 йил; очиғи, буни оммавий тартибсизлик деса ҳам тўғри бўлса керак), Намоз Пиримқул ўғли исёни (1905-1907), Жиззах қўзғолони (1916 йил) каби воқеалар содир бўлганини истисно қилсак, жуда унчалик эркпарварлигимиз кўзга ташланмади.

Кейин 1917 йили Россияда инқилоблар тўлқини бошланди: аввал республикачилар, кейин болшевиклар ҳукуматни эгаллади. Бу Туркистондаги зиёлиларга руҳ берди – узоқ тортишувлар, ўзаро келишмовчиликлардан кейин анча кеч бўлса ҳам ноябр охирида Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Ўша йил баҳорда, узоғи билан ёзда шу қарор олинганида балки бу мухторият яшаб кетармиди... (Тарихда "балки", "агар" деган гапларга ўрин йўқ. Ўтган иш ортга қайтмайди. Шунчаки, қандайдир илинж билан шундай гаплар айтилаверади.)

Хуллас, мухторият эълон қилинди, давлат тузилди. 70 кунга бормай болшевикларнинг қирувчи кучлари – дашноқлар томонидан мухторият пойтахти Қўқон қонга ботирилди. Ҳали тўла оёққа туриб улгурмаган мухторият яксон қилинди.

Мухторият қўшинидан қолган-қутган аскарлар ва уларга қўшилган бир ҳовуч маҳаллий аҳоли вакиллари болшевикларга қарши қуролли курашга ўтди. Бу кураш совет тарихида "босмачилик" деб ном олди. Иштирокчилар: "Озодлик ва дин учун курашяпмиз", деди. Кураш 1933 йилда охирги "босмачилар отрядлари" йўқ қилингунича Туркистоннинг турли ҳудудларида давом этди. Кураш давомида озодлик истаганлар томонидан ноҳақ ўлдирилганлар ҳам кўп бўлди. Ҳўлу қуруқ баравар ёнди. Ҳамма нарса аралашиб, қоришиб кетди: ким нима учун урушаётганини билиб бўлмай қолди. Баъзилар шунчаки кўнгилхушликка одам ўлдирган бўлса ҳам ажаб эмас...

Лекин четдан қараганда болшевикларга, совет ҳукуматига қарши курашганлар ҳақ эди. Ўз юртида туриб четдан келган одам билан урушган одам босқинчи ҳам, террорчи ҳам бўлмайди.

Мени қизиқтирган ҳолат: ўша урушлар бошланганида маҳаллий аҳолининг аксарияти аслида уларнинг озодлиги учун жон бераётган йигитларни етарлича қўллаб-қувватламади. Баъзилар очиқчасига совет ҳукумати тарафида туриб ўз юртдошига, ватанининг озодлигига қарши урушди; баъзилар бетараф қолган бўлса-да, истиқлолчиларга қўшилмоқчи бўлган ўз яқинлари, фарзандларини "Қўй болам, тинч ўтир", деб йўлдан қайтарди. Халқ кўмагидан маҳрум бўлган озодлик ҳаракати ўн беш йил нари-берисида бутунлай барҳам топди.

Кейин Сталин қатағонлари бўлди. Кечагина озодлик учун курашишни истамаганлар қамалиб, отилиб кетди. Кейин II Жаҳон уруши бошланди. Унинг "Улуғ ватан уруши" деб номланган қисмида (1941-1945) Туркистон аҳли ҳам қатнашди. Кечагина "Қўй болам, тинч ўтир" деган халқ энди "Ватан учун! Сталин учун!" шиори остида фарзандини "Ой бориб, омон кел", дея нон тишлатиб, жангга жўнатди: ўз озодлиги учун урушишни истамаганлар иккита қонхўр, сиёсий тентакнинг шахсий манфаатлари учун тандирга тутантириқ бўлиб кетди...

Шуниси қизиқ-да! Одамлар нега ўз озодлиги учун имкон бўлганида курашишни истамайди-ю, бошқаларнинг кўнгилхушлиги учун жонини фидо қилади?

Яхшиямки, 1991 йилдаги сиёсий вазият фойдамизга ишлади. Акс ҳолда, яна жимгина Афғонистон каби янги урушларни ёқилғи – одам билан таъминлаб юрармидик...

2017 йил 27 ноябр

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан