Пандемия даврида боғчаларнинг фаолиятига қўйиладиган санитария талаблари эълон қилинди

Пандемия даврида боғчаларнинг фаолиятига қўйиладиган санитария талаблари эълон қилинди

“COVID-19 пандемияси даврида мактабгача таълим ташкилотларининг иш фаолиятига қўйиладиган вақтинчалик санитария-гигиеник талаблар” Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди ва ҳисобга олинди.

Адлия вазирлигининг маълум қилишишича, ушбу ҳужжат вазирликда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган илк техник ҳужжат ҳисобланади.

Мазкур ҳужжат COVID-19 инфекцияси тарқалиш хавфи билан боғлиқ санитария-эпидемиологик вазиятда, тури, ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ)нинг иш фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.

Ҳужжатга кўра, МТТга болаларни қабул қилиш вақтида қуйидаги асосий қоидаларга риоя этиш муҳим ҳисобланади:

  • - тарбияланувчини олиб келувчи ва олиб кетувчи шахс ва тарбияланувчилар МТТга тиббий ниқоб тартибига риоя этган ҳолда боради;
  • - тарбияланувчининг олиб келувчи ва олиб кетувчи шахсларга МТТ ҳудудига кириши тақиқланади;
  • - тарбияланувчини МТТнинг масъул ходими қабул қилиб олади ҳамда тиббий ходим томонидан «эрталабки фильтр» ўтказилади ва кўрсаткичлар махсус журналга қайд қилинади;
  • - тарбияланувчи «эрталабки фильтр»дан ўтгандан кейин гуруҳга киришдан олдин тиббий ниқобни ечади, кийим ва пойабзалини алмаштиради, сўнгра МТТ ходими назорати остида 20 сониядан кам бўлмаган муддатда қўлларини совун билан яхшилаб ювади;
  • - МТТда тарбияланувчиларнинг тана ҳарорати камида 2 марта (МТТга келганда ва уйга қайтишдан олдин) ва эҳтиёж бўлганда ўлчанади.
  • Шунингдек, ҳужжатда тарбияланувчиларни хавфсиз таълим олиши ва тарбияланишини ташкил этиш чора-тадбирлари ҳам белгиланган.

Жумладан, ўйинларни ўтказишда тарбияланувчилар гуруҳи ўзаро муносабатларни чеклаш орқали 2-3 боладан иборат кичик гуруҳларга бўлинади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг тегишли фармонига кўра, техник ҳужжатлар жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олинади ва кучга киради.