«Паразитлар» ким?

«Паразитлар» ким?

«Паразитлар» фильми бошидан охиригача сизни бир дақиқа ҳам бефарқ қолдирмайдиган фильмлардан биридир. Фильмнинг илмоғига илиниб қолишингиз учун атиги бир неча дақиқа вақт талаб қилинади холос, аммо кейин сизни у охиригача бу илмоқдан чиқиб кетишингизга йўл қўймайди. Бир фильм давомида жуда кўп эмоцияларни бошингиздан кечирадиган камёб фильмлардан бири. Бу фильм орқали режиссёр Пон Жун Хо нима демоқчи бўлди? Буларни тўлиқ тушуниш учун бироз ортга қайтишни маъқул деб биламиз.

Муқим жанрсиз бўлган космополит режиссёр

Жанубий Кореялик ушбу режиссёр, ўз ижодий фаолияти давомида кўплаб жанрларга қўл уриб кўрган: “Хураётган итлар тишламайди” фильмида комедия, «Қотиллик ҳақида эслаб» ва «Она»фильмларида детектив, «Мезбон» фильмида илмий фантастика, «Қор ичра» ва “Огжа” фильмларида эса антиутопия жанрларидан фойдаланган. Аммо уларнинг барчасида қора юмордан ташқари яна бир умумий жиҳат бор. Бу энг нозик ва тўғридан-тўғри ижтимоий танқид. Пон Жун Хо ўз фильмларида кўпроқ муаммоларни кўрсатиб бериш асносида, томошабин қалбини ўзига хос психологик штурм орқали эгалловчи режиссёрнинг энг яхши намунасидир. Унинг фильмлари, кўнгилочар динамика орқали воқелик ва ижтимоий шокнинг реал тасвирига асосланган. Аммо менимча унинг ҳеч бир фильми шу пайтгача Паразитлар сингари кулгили ва шафқатсиз бўлмаган. Паразитлар фильми сазовор бўлган Канн кинофестивалининг олтин пальма мукофоти ва тарихий Оскарлар шуни кўрсатадики, ушбу фильм билан осиёлик режиссёр ўз киноматографиясидаги энг юқори даражага кўтарилди.

Улар паразит эдилар

Фильм ёлғонлар орқали бир бой одамнинг уйидаги хизматчилар ўрнини эгаллаган,тўрт кишидан иборат оила ҳақида ҳикоя қилади. Айтайлик, фильм бизнинг бор эътиборимиз ва қизиқишимизни уларни бу ишларни қандай амалга ошираётгани, қандай қилиб бу сохтакорликни ушлаб туришларига йўналтиради. Фильм номи «Паразитлар», бироқ мени назаримда фильм номидаги «паразит» атамасининг жуда кўп маʼнолари бор. Фильм бош қаҳрамонларимиз яшайдиган ертўладаги уйга оҳиста тушиб келадиган кадрдан бошланади, бу ракурс фильмнинг сўнгги кадрида ҳам такрорланади. Унда биз бош қаҳрамонлар яшайдиган ертўладаги уйнинг атмосферасини кўрамиз. Дастлаб уларда иккита муаммо бор эди. Биринчиси, уйда мавжуд бўлган тараканларни йўқ қилиш муаммоси, (шунинг учун ҳам оиланинг отаси, кўчада махсус хизмат ишчилари тараканларга қарши дизинфекция қилишаётганини кўриб, деразани очиқ қолдиришга қарор қилади, шунда дезинфекцияли газ текинга уларнинг уйига кириши мумкин эди) иккинчи муаммо сифатида қўшниларнинг Wi-Fi  тизимини ўғирламоқчи бўлган иккита фарзандни кўрамиз. Бу технологик ёки табиий муаммолар бўлишидан қатъий назар, бизнинг қаҳрамонларимиз тўғридан тўғри ва ҳатто мажозий маънодаги паразитлардир. Аммо фильмни номлаш учун ишлатилган атама янада мураккаб маънога эга.

Ижобий қаҳрамони бўлмаган фильм

Менга энг қизиқ туюлган тарафларидан бири шундаки, фильм ўзининг асосий қаҳрамонларининг ишларини оқламайди ҳам қораламайди ҳам. Фильмда классик ижобий қаҳрамон йўқ. Улар ўзларининг фирибгарликларини яратишда ва сир бой бермасликда давом этишар экан, биз муваффақиятли ва бой бўлган бошқа ижтимоий паразит табақани учратамиз. Улар олий маълумотли, бой, чиройли ва... камбағалларга қараганда анча аҳмоқдирлар. Уларнинг ҳамма нарсаси етарли ва ҳатто керагидан ортиқча. Шундай экан, имкониятдан фойдаланиб қолишнинг нимаси ёмон? Шу пайтгача қандайдир енгил кулги билан кўрилаётган фильм, бойларнинг уйидан аввал ишдан бўшатилган хизматкор аёл эшик қоққан дақиқадан бошлаб, драматик бурилиш ясайди. Бу аёл ишдан бўшатилган бўлсада, уйнинг ертўласида яширинча яшаб юрган унинг эри, ўша бункерда қолиб кетган эди. Бу факт асосий қаҳрамонлар портретини янада кучлироқ очиб беради. Биз энди аниқ бир воқеани эмас, унинг динамикасини кузатяпмиз. Демак, турли ертўлаларда яшайдиган ва яшаган иккита оила бор, уларнинг ҳар иккиси тепадагиларга нисбатан паразитлардир. Фильмдаги ҳеч нарса бизга ижобий ва салбий қаҳрамонларни кўрсатмаган бўлсада, шу пайтгача бош қаҳрамонларни ижобий, миллионерлар эса салбий бўлиб туюлаётган эди. Чунки томошабин психологияси, онг остида бўлсада ҳамиша қийналган инсонлар тарафида бўлади. Аммо, содда ва бепарво бой одамлар синфида ҳукмронлик қилган аҳмоқликдан ташқари, ушбу мувозанатни бузадиган яна бир нохуш ҳодиса мавжуд. Ҳид... Фильм давомида кўп такрорланадиган ва камбағал қатламга хос бўлган ҳид, уларнинг ҳолатидан келиб чиқадига нҳид. Бу ҳид уларнинг парфюми, кийимлари ёки шампунига боғлиқ эмас, бу ертўладаги ҳаётдан келиб чиқадиган ҳид. Бу метрода юрадиган одамларнинг ҳиди, бу «камбағалларнинг ҳиди». Бу — чиройли, идеал ва бахтли бойлар учун чидаб бўлмайдиган ҳид. Бир қарашда, «паразитларни» ижтимоий сатира сифатида қабул қилиш мумкин, унда камбағал оила бадавлат оиладан фойдаланади. Уларни бойлардан фойдаланишга ундайдиган нарса бу ишсизлик. Бундан ташқари, бойлар оиласини ҳам паразитлар гуруҳи деб ҳисоблаш мумкин: улар энг оддий вазифаларни ҳам бажара олмайдилар ва ҳамма нарсани хизматчиларидан талаб қиладилар.

«Ёмғир тинган гўзал кун»

Шаррос қуйиб юборган ёмғир бадавлат оила учун шунчаки дам олишдан эрта қайтарган оддий нохушлик бўлган бўлса, камбағаллар уйларига қайтиб келишганида, уларнинг уйи бутунлай сув остида қолган эди. Канализация қувурлари тошиб кетиши ортидан, аллақачон кўчадаги ичкиликбозларнинг ҳожат чиқарадиган бурчагига айланган ертўладаги уй канализациядан отилган ахлатлар билан тўлади. Уйлари зах босиб, қашшоқлик ҳиди янада кучайган қаҳрамонларимиз якшанба куни бойнинг уйига ишга қайтишлари керак. Қўшимча иш ҳақини эвазига жаноб Паркнинг (бой) оиласи, ишчиларни ўғлининг шарафига уюштирилган зиёфатда ишлашга мажбур қилади. «Ёмғир тинган гўзал кун» туфайли бугун жуда қуёшли, деб севинади «содда» бой она, бу билан у тошқиндан азият чеккан одамлардан бехабарлигини кўрсатмоқда.

Кульминация

Фильмнинг қайта қайта кўриш мумкин бўлган ери, сўнги динамик портлаш қисмидир. “Кевин” ертўлада ҳушини йўқотганидан кейин, ертўлада 4 йил яшаган одам ташқарига чиқиб кетади ва “Жессика” га пичоқ уради. Буни кўрган бойнинг боласида янги эпилептик хуруж бошланади. Ҳа, бу одам бола аввал кўриб қаттиқ қўрққан ўша «арвоҳ» эди. Бола ҳамиша ўз расмларида ўша «арвоҳ»ни чизарди.

Асосий қаҳрамон Ким,жаноб Паркдан қаттиқ ғазабланади, чунки Парк унга қонга беланиб ётган Кимнинг қизини ўрнига, ўзининг ҳушидан кетган ўғлига ёрдам беришга буйруқ беради. Кимнинг сабр косасини эса, жаноб Парк ертўладан чиққан тажовузкорга ҳам бурнини беркитиб жавоб бериши тўлдиради. Ҳаттоки шундай вазиятда ҳам улар «қашшоқлик ҳидига» дош беролмайдилар. Ким жаноб Паркни унга, оиласига ва, албатта, ижтимоий синфига нисбатан доимий норозилиги туфайли пичоқлайди.

Фильмнинг сўнги, кейин нима содир бўлганлигини тушунтиришга ва катта шубҳа туғдиришга бағишланган. Кевиннинг опаси вафот этди, отаси Ким эса қидирувда ва қўлга олинса бўйнига қотиллик қўйилади, она ва ўғил ўз уйларига ва асл ҳолатига қайтадилар. Унинг отаси Ким бойларнинг уйидаги яширин ертўлага яширинган ва ўғли билан Морзе алифбоси орқали боғланади.

Режиссёр финални сизга ташлаб кетди.

Шу нуқтада режиссёр яна бизнинг ҳиссиётларимиз билан ўйнашади, у бизга чиройли якун намойиш этаётганга ўхшайди. Йигит келажакда шунчалик бойиб кетадики, у отаси яширинган уйни сотиб олади ва омон қолган уч киши қучоқлашиб бирлашади. Бироқ, тез орада бу хаёл парчаланади. Фильм бошланган кадр орқали, биз яна йигитни унинг ертўладаги уйида, худди улар фильм бошида бўлган вазиятда, аммо оиланинг иккита аъзоларисиз топамиз. У бойиб кетиб ўша уйни сотиб олишни орзу қилаётганини кўрамиз холос...

Бу бироз шафқатсиз ва қайғули, аммо томошабинларга фикрлаш учун жой қолдирмоқда. Фильмни кўриб бўлгач бир нуқтага қараб 10 минут ўйланиб қолдим. Ўзим учун унинг ҳақиқий якунини ўйлаб олдим. Режиссёр фильмда дунёни қандай ўзгартириш кераклигини ёки бирор нарса нотўғри бўлса, қандай ҳаракат қилиш кераклигини кўрсатмаган, шунчаки ҳақиқий ҳаётнинг даҳшатли ҳолатини кўрсатган. Менимча, бу фильмнинг гўзаллиги ҳам айнан шунда.

Албатта, «Паразитлар» — бу фирибгарлар ҳақидаги ҳикоя. Аммо, қўшимча равишда бу замонавий дунёда ҳозир ҳар қачонгидан кўпроқ бўлган,айниқса Жанубий Корея каби экстремал капитализм мамлакатларидаги синфий бўлинишининг кескин танқидидир. Фильм бизга дунё аҳолисининг катта қисми, бошқа озчилик учун бадбўй ҳидли зараркунанда каби кўриниши мумкинлигини эслатибгина қолмай, балки ҳақиқий паразит ким эканлиги ҳақида ҳам очиқ савол беради. Имтиёзли 1% аҳоли одатда ўз йўлини топади. Бизнинг ҳаётимиз эса улар берган ишга, ойликка боғлиқ. Аммо, аксарият ҳолларда бунинг акси ҳақиқат бўлиб туюлади, ушбу 1% одамларнинг бойлиги қолган 99% одамларнинг ишига боғлиқлигини унутмайлик. Агар жамиятда паразитлар бор бўлса улар кимлар? Бу саволга жавобни ҳамма ўзи учун бергани маъқул.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.