Педагог кадрлар тоифа олиш тест синовлари учун қандай ҳолда пул тўламаслиги керак?

Педагог кадрлар тоифа олиш тест синовлари учун қандай ҳолда пул тўламаслиги керак?

Фото: informburo.kz

Халқ таълими вазирлиги сайтида Ўзбекистон Республикасида 481604 нафар ўқитувчи фаолият юритиши кўрсатилган. 481 минг нафар устоз-педагог жамоаси… Рақамларни осонгина ўқиш мумкин, бироқ шунча устоз мураббийларнинг қанчадан қанчаси тоифа олиш учун малака тоифа аттестасия синовларини топширадилар. Тоифа сертификатига топшириш учун аввало устоз-мураббийлар маълум бир салоҳиятга, билимга эга бўлиши ва ундан кейин январ-феврал ойларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридаги маблағни (223 минг сўмни) тўлаши керак бўлади. Бу қонуний асосга эга бўлганлиги учун мақолада ёзадиганларим бу ҳақида эмас. Бугун ёзадиганларим Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августда санасида имзолаган 610 сонли “Таълим муассасаларида чет тили ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори юзасидан баъзи саволлар ва муаммоларни ўртага ташлаш.

Вазирлар Маҳкамасининг 610 сонли қарорига эътибор берадиган бўлсак, унда қуйидаги бандлар қайд этилган:

  • - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда чет тилини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини кенг қўллаган ҳолда 2018 йил 1 январдан бошлаб малака сертификатига эга бўлган талабгорларга сертификатни олгандан бошлаб 2 йилгача қуйидаги имтиёзлар бериш тартибини жорий этсин:
  • - чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги А2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг саралаш тест синовлари рўйхатига чет тили (инглиз, немис, француз) фани киритилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига киришда чет тили фанидан максимал балл бериш ва уларни чет тили фани бўйича тест синовидан озод этиш;
  • - чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги B2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагогларини аттестация жараёнида малака синови учун белгиланган максимал балл билан баҳолаш ва синовдан озод этиш.

Бундан ташқари мутахассислик фанларидан чет тилида дарс берадиган B2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган таълим муассасаларининг педагог ходимларига 100 фоизгача устамалар белгиланиши тартиби белгиланган. Вазирлар маҳамасининг 610 сонли мазкур қарори Ўзбекистонда умумий, ўрта махсус ва олий таълимда чет тилини ўрганиш учун моддий рағбат сифатида барча педагоглар тарафидан яхши кутиб олинди. Бироқ шунга қарамай, ҳозирга қадар бу қарорнинг ижроси борасида бир неча тушунмовчиликлар ва ортиқча молиявий оворагарчиликлар борлиги кўзга ташланади.

Тушунмовчиликлар аслида нимадан иборат?

Аввало, агар педагог кадр чет тилини билиш малака имтиҳонидан B2 ва ундан юқори даражага эга эканлиги ҳақида тегишли сертификатга эга бўлса, нега чет тилини билиш малака сертификатига эга бўлган ходим ортиқча тарзда базавий ҳисоблаш миқдорининг энг кам миқдорини тўлаши керак? Ваҳоланки, педагог ходим чет тилини билиш малака имтиҳони учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баробари (334 000 UZS) миқдорида пул тўлаган. Нега энди педагог кадр тоифа сертификати учун қайтадан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари (223 000 UZS) миқдорида ҳақ тўлаши керак деган савол туғилиши табиий. Аксар педагог устозлар чет тилини билиш малака сертификатига эга бўлган ҳолда тоифа синов тестлари учун ортиқча 223 000 UZS миқдорида пул тўламоқдалар ва тестга борганларида чет тилини билиш малака сертификатини кўрсатгандан сўнг, сиз тестга кирмасангиз ҳам бўлади деган тартиб асосида тестда қатнашмаяптилар. Албатта, чет тилини билиш малака сертификатига эга бўлган ҳолда тоифа олиш тест жараёнларида қатнашмаган ҳолда максимал 100 бални қўлга киритиш - бу имтиёз. Аммо нега педагоглар ортиқча ҳақ тўлаши керак, нега педагог кадрларнинг аттестацияси билан шуғулланувчи инспекция педагог устозларнинг ортиқча тўлов тўлашига йўл қўймоқда? Наҳотки, бундай тушунмовчиликни олдини олиш мумкин эмас?

Иккинчидан, мактабларда 10 ва 11-синфда ўқиётган айрим ўқувчиларда Чет тилини билиш малака сертификати (CEFR B2, IELTS 5.5, TOEFL) натижалари бўлгани ҳолда, улар инглиз тилидан битирув имтиҳонларида қатнашиши шарт. Агар инглиз тилидан дарс бераётган устозлар, ўқувчилари чет тилини билиш бўйича CEFR B2 ёки IELTS 5.5 сертификатига эга эканлиги, улар имтиҳондан озод эканлигини айтишса-да, мактабларнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари уларни чет тили фанидан имтиҳонга қатнашиши мажбурий эканлигини айтишади. Бу ҳам ўқитувчи, ҳам ўқувчи олдида ноқулайликни юзага келтиради.

Мазкур муаммолар бўйича Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекцияси ўз изоҳларини берса, тушунмовчиликларга нуқта қўйилган, ортиқча вақт, маблағ тежаб қолинган бўлар эди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.