“Persil”, “Losk” ва “Vernel” ювиш воситаларини ишлаб чиқарувчи Германиянинг “Henkel” кимё-саноат концерни Россия бозоридан чиқишни тезлаштиришга қарор қилди ва имкон қадар тезроқ якунлашни режалаштирган бизнесни сотиш жараёнини бошлади. Бу ҳақда “Henkel” компанияси акциядорлар қўмитаси ва кузатув кенгаши раиси Симоне Бажел-Тра маълум қилди. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирмоқда.
"Жараён давом этмоқда ва биз уни тезда якунлашни хоҳлаймиз", деди компания. Шу билан бирга, Бажел-Тра Россия бизнеси концерн учун муҳим эканлигини таъкидлади: савдолар деярли миллиард еврони ташкил этди ва компанияда 2,5 минг киши ишлайди.
Аввалроқ, “Henkel” ўз бизнесини Россияда ажратиб қўйиши ва келгуси йилдан бошлаб Россия бозорида бошқа ном - Lab Industries номи остида мустақил компания сифатида фаолият юритиши маълум бўлган эди. "Коммерсант" газетасининг ёзишича, “Henkel” бизнесни сотиш бўйича ҳалигача келиша олмаган, бунинг сабаби 500 миллион евродан ортиқ юқори баҳо бўлиши мумкин. Шу билан бирга, газета манбасига кўра, активларни қўлга киритиш истагида бўлганлар Ғарб санкциялари остидаги шахслар билан алоқадор бўлиб чиқди.