Пискент йўлларидаги бетон тўсиқлар олиб ташланмоқда (фото)

Пискент йўлларидаги бетон тўсиқлар олиб ташланмоқда (фото)

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Олмалиқ шаҳрига Тошкентдан кириб келаверишдаги (Пискент тумани, “Намуна” МФЙ ҳудудида) 300 метрлик автомобиль йўли ўртасидаги бетон тўсиқлар олиб ташланиб, ўрнига баландлиги 30 сантиметр, эни 3 метрли бетон плиталар ётқизилмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Хабарга кўра, Оҳангарон тумани “Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан амалга оширилаётган мазкур ишларнинг буюртмачиси Тошкент вилояти “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК ва қурилиш қиймати 783 миллион сўмни ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 32-сонли баённомаси ижроси бўйича амалга оширилаётган мазкур ишлар доирасида 300 метрлик йўлнинг ҳар икки томонига жами 16 та темир бетон устун ҳам ўрнатилиб, ёритиш чироқлари билан таъминланади.

Оҳангарон тумани “Йўллардан фойдаланиш” корхонасининг вакили Д.Мирзакимов йўлларнинг ўртасидан олиб ташланаётган бетон плиталардан Сардобадаги қурилиш ишларида фойдаланилишини маълум қилган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Аввал Сирдарёда сув тошқинидан зарар кўрган 1,8 мингга яқин коттеж давлат ҳисобидан бепул таъмирланиши, шу мақсадда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари бошчилигида 305 та қурилиш ташкилоти ва 12 мингга яқин қурувчи Сирдарёга етиб боргани хабар қилинганди.