Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Поездда “жой йўқлиги учун" полда ўтирган Грета Тунберг: одамларни кўпроқ нима ҳайратлантирди?
17.12.2019 12:52,  
650

Грета Тунбергнинг Германия бўйлаб поезд саёҳати давомида немис темирйўл компанияси Deutsche Bahn билан Твиттерда ёзишмалар олиб боргани ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларни келтириб чиқарди.

Ёш швед экофаоли якшанба куни Твиттердаги ўз саҳифасига юк жомадонлари билан поезднинг полида ўтиргани акс этган суратни жойлади.

Иқлим муаммоларига бағишланган турли хил анжуманларда қатнашиш учун август ойида Швециядан чиқиб кетган Грета бу суратга “Германия орқали одамлар билан лиқ тўла поездда кетяпман. Ниҳоят мен уйимга олиб борадиган йўлдаман!” – дея изоҳ берган.

Экофаол кетаётган поезд эгаси бўлган немис темирйўл компанияси Deutsche Bahn дастлаб Твиттер орқали ундан узр сўради. Кейинроқ эса кенгроқ изоҳ ёзиб, аслида Тунберг биринчи тоифали вагонда кетаётгани ва буни негадир яшираётганига шаъма қилди.

Deutsche Bahn темирйўл компаниясининг кўп поездларида вагонлар икки тоифали бўлади

Немис темирйўл ташувчиси Гретага иқлим ўзгаришларига қарши курашаётгани ва экологик поездни танлагани учун миннатдорчилик билдириши баробарида у поезд ходимларининг иши ҳақида ҳеч нарса демаганини қўшимча қилди.

“Агар биринчи тоифали вагонда сенга қандай муносиб ва дўстона хизмат кўрсатишгани ҳақида ҳам ёзганингда янада яхши бўларди”, деб қайд этди Deutsche Bahn.

Экофаол қиз самолётда учмайди, муқобил энергия (қуёш ёки шамол энергияси) ҳисобига юрадиган поезд ва кемалардан фойдаланади.

Deutsche Bahn берган изоҳдан кейин Тунберг аниқроқ твит ёзди: “Базелдан жўнаши керак бўлган поездимиз бекор қилинди. Шунинг учун биз поезднинг полида ўтириб кетишга мажбур бўлдик. (Германиядаги университет шаҳарчаси бўлган) Гёттингенга келганимиздан кейингина мен ўзимнинг жойимга ўтирдим. Одамлар билан лиқ тўла поезд – темирйўл транспортига талаб ўта юқорилигининг беқиёс белгисидир”.

“Одамлар билан лиқ тўла поезд” қандай бўлади?

"Одамлар билан лиқ тўла поезд" бундан ёмонроқ бўлади, деди Simon Dent номли фойдаланувчи

Грета Тунбергнинг темирйўл компанияси билан суҳбати Интернетни анчагина қиздириб юборди.

“Ўзинг учун олдиндан жой банд қилишга пул тўлашинг керак. Бунинг учун атиги 4 евро тўласанг, жойинг бўларди. Аниқки, сенда шунча пул бор”, деб ёзди ўта ўнг қарашдаги “Германия учун муқобил йўллар” партиясидан Берлин қонунчилик кенгашига сайланган депутат Гуннар Линдеман.

Твиттернинг бир қатор фойдаланувчилари “одамлар билан лиқ тўла поезд” тушунчасини яна бир кўриб чиқишни таклиф қилиб, Ҳиндистон ва Бангладешда одатий ҳол бўлган, одамлар томию эшик ташқарисига ҳам осилиб олган поезд суратларини нашр этишди.

Бир “твиттерчи” шундай ёзди: “Унинг биринчи тоифали вагонда жойи бор. Аммо полда ўтириб ўзини кўз-кўз қилиш омманинг диққатини кўпроқ жалб қилади. Худди шу тарзда унинг дунё бўйлаб қиймати 15 миллион доллар турадиган яхтада саёҳат қилганини эслатишни унутишди”.

Яна бошқа фойдаланувчилар эса аввал-бошданоқ Гретани қўллаб-қувватлашди.

“Саёҳатинг бехатар бўлсин! Сен 2019 йилда амалга оширган барча ишлар учун раҳмат”, дея миннатдорчилик билдирди Moms Clean Air Force экофаоллари.

Тармоқнинг бир гуруҳ фойдаланувчилари Грета билан бўлган вазият манзарасида Англиядаги Лейбористлар партияси етакчиси Жереми Корбин билан 2016 йилда содир бўлган воқеани ёдга олишди.

Ўшанда Корбин Virgin Trains поездида мамлакатнинг шарқий қирғоқлари бўйлаб сафари давомида поезднинг полида ўтирганини айтиб, ўзига жой топилмаганини иддао қилганди. Аммо темирйўл компанияси вагон ичидаги кузатув камерасидан олинган тасвирларни намойиш этган, унда сиёсатчи ўз ҳамроҳлари билан ярми бўш вагондан ўтиб кейинги вагоннинг полига бориб ўтиргани аниқ кўринган эди.

Шунда лейбористлар етакчиси баёнот бериб, бу жойлардан қай бири олдиндан банд қилингани-ю, қай бири бўшлигини билмагани, чунки бу жойларда қандайдир сумкалар тургани ҳақида айтганди. Ўшанда Британия транспортидаги ёлланма ишчилар бирлашмаси ҳам Корбинни қўллаб-қувватлаб чиққан ва Virgin Trains компаниясини иккиюзламачиликда айблаган.

Алоқадор мавзулар: Грета Тунберг Нобелга муқобил мукофотни қўлга киритди

Time журнали Грета Тунбергни "Йил одами" деб топди

Грета Тунберг Атлантика океанини экологик тоза кемада кесиб ўтди

Грета Тунберг ким?

Грета Тунбергнинг номи 2018 йилда оммага танилди: у ҳар ҳафта мактабга бориш ўрнига швед парламенти – риксдаг олдида экологик талаблар билан бир кишилик пикет ўтказарди. Экофаол қиз бу ишини шундай изоҳлаган: “Агар норозилик билдирмасам, ичимда худди ўлиб қолаётгандек бўламан”.

Қизга 11 ёшида аутизмнинг енгил кўриниши – Аспергер синдроми ташхиси қўйилган. Бунда воқеликни ранг-баранг эмас, оқ-қора (ёки тўғри, ёки нотўғри) кўринишда қабул қилишга мойиллик, кескин мулоҳазалар, муайян қизиқиш ва машғулотларга диққатни кўпроқ жамлаш кузатилади.

Дунёда Грета Тунбергга нисбатан муносабат турлича: танқидий қарашлар ва истеҳзолардан тортиб ҳурмат ва улуғлашгача. Швеция ва Норвегия парламентларининг бир қатор сўл қарашдаги депутатлари унинг номзодини 2019 йилги Нобел мукофотига номзод қилиб кўрсатганди.

Time журнали эса швед экофаоли Грета Тунбергни 2019 йилда “Йил одами” деб номлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан