Покистоннинг собиқ етакчиси Парвиз Мушарраф хиёнатда айбланиб, ўлимга ҳукм этилди

Покистоннинг собиқ етакчиси Парвиз Мушарраф хиёнатда айбланиб, ўлимга ҳукм этилди

© REUTERS

Покистоннинг собиқ ҳарбий етакчиси генерал Парвиз Мушарраф Исломободда ўтган махсус суд эшитувида ўлим жазосига ҳукм қилинди. Суднинг уч аъзоси 2013 йилдан бери кўрилаётган иш доирасида уни давлатга хиёнат қилган деб топиб, ўлим ҳукмини ўқиди.

Генерал Парвиз Мушарраф 1999 йилдаги ҳарбий давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга келган ва 2001-2008 йилларда мамлакат президенти бўлган.

У 2016 йилда тиббий муолажа олиш учун Покистонни тарк этишга рухсат берилиб, мамлакатдан чиқиб кетганидан буён ҳозиргача Дубайда яшаяпти.

Генерал Мушаррафга қўйилган асосий айблов унинг 2007 йилда мамлакат конституциясига амал қилишни тўхтатиб қўйгани билан боғлиқ. Ўшанда у Покистонда фавқулодда ҳолат тартибини эълон қилган эди.

Парвиз Мушарраф шу ой бошида касалхона ётоғидан видеомурожаат билан чиқиб, ўзига қарши жиноий ишни “асоссиз” деб атади.

У Покистонда “конституцияни бекор қилиш”да айбланган биринчи ҳарбий раҳбар саналади.

Ўлим ҳукми 2019 йил 17 декабр, сешанба куни ҳакамларнинг кўпчилик овози билан чиқарилган: уч ҳакамдан икки нафари бу ҳукмни ёқлаган, бир нафари эса қарши чиққан.

Жиноий иш ҳужжатларида нима дейилган?

2007 йил ноябрда генерал Парвиз Мушарраф конституциянинг фаолиятини тўхтатиб қўйган ва фавқулодда ҳолат эълон қилган, бу эса мамлакатда кескин норозилик намойишларига сабаб бўлганди. У 2008 йили импичментга учрамаслик учун вазифасидан истеъфо берган.

Мушарраф томонидан 1999 йилда ҳокимиятдан ағдарилган Навоз Шариф 2013 йилги сайловларда бош вазир этиб сайлангач, унга қарши жиноий қўзғатилишига эришди ва 2014 йил март ойида собиқ генералга давлатга хиёнат қилганлик айби эълон қилинди.

Генерал Мушарраф 2008 йили президентликдан истеъфо берди

Парвиз Мушарраф ўзига қўйилган айб сиёсий важларга асосланганига урғу бериб, уни рад этган ва 2007 йилдаги қарорини ҳукумат ва вазирлар билан келишганидан кейин чиқарганини айтган. Бироқ унинг ўзини оқлаш учун келтирган далиллари суд томонидан рад этилган ва у қонунни бузганликда айбланган.

Покистон конституциясига кўра, кимга давлатга хиёнат айблови қўйилса, унга ўлим жазоси берилади. Генерал Мушарраф 2016 йилдан буён Дубайда яшайди ва қайта-қайта чиқарилган суд қарорларига қарамай бирон марта ҳам суд мажлисига келмаган.

Бу иш нима учун муҳим?

2014 йилда генерал Мушаррафга нисбатан айблов эълон қилиниши мамлакат тарихида жуда муҳим лаҳза бўлган эди. Чунки Покистон мустақилликка эришганидан буён ўтган даврнинг катта қисмида уни айнан ҳарбийлар бошқариб келган.

Покистон армиясининг кўплаб раҳбарлари мамлакатни ёки Парвиз Мушарраф каби тўғридан-тўғри давлат тўнтаришлари, ёки фуқаровий раҳбарлар сиёсатига кучли таъсир ўтказиш орқали бошқариб келган.

Бироқ Мушарраф жиноятда айбланган илк ҳарбий раҳбар бўлди, мамлакатнинг қудратли ҳарбийлари эса вазиятни диққат билан кузатиб борди. Таҳлилчилар армия бу жиноий иш жараёни қандай ҳукмга олиб келишини жуда яхши тушунганини айтади.

Генерал Парвиз Мушарраф ким?

У 1998 йили Покистон армияси раҳбари этиб тайинланган.

1999 йили май ойида Покистон армиясининг Каргил урушига кириши Парвиз Мушарраф ва мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири Навоз Шариф ўртасида кескин зиддиятга сабаб бўлди ва ўша йили 12 октябрда ҳарбийлар қон тўкмай давлат тўнтариши уюштириб, ҳокимиятни ўз қўлига олди.

2008 йилгача президент бўлган генерал Мушарраф бир неча бор ўзига қарши уюштирилган суиқасд ва фитналардан омон қолди.

Мамлакат ичидаги кучли норозиликка қарамай Мушарраф АҚШнинг "терррорга қарши уруши"да муҳим иттифоқчисига айланди

У халқаро саҳнада 2001 йил 11 сентябрдан кейин АҚШнинг “террорга қарши уруши”ни қўллаб-қувватлагани билан танилди. Ваҳоланки, Покистон ичида Мушаррафнинг бу танловига қаршилик кучли эди.

Парвиз Мушарраф 2008 йили президентликдан истеъфо бериши ортидан мамлакатни тарк этди. Кейинроқ, 2013 йилда парламент сайловларида қатнашиш мақсадида ортга қайтди. Бироқ суд томонидан унга жиноий иш очилиб, ҳибсга олинди.

Унга қарши давлатга хиёнат қилиш айблови қўйилганидан буён Парвиз Мушарраф фақат икки марта суд мажлисида ҳозир бўлди. Қолган вақтларда эса у ёки армиянинг соғломлаштириш мажмуида, ёки ўзининг Исломободдаги фермасида яшади. 2014 йил апрелда Карачига кўчиб ўтган Мушарраф икки йилдан сўнг Покистондан чиқиб кетди ва ҳамон хорижда истиқомат қиляпти.