Поп ва Чуст туманларида 1500 хонадонга шартнома асосида қўй ва эчки тарқатилади

Поп ва Чуст туманларида 1500 хонадонга шартнома асосида қўй ва эчки тарқатилади

Аввал хабар қилганимиздек, Шавкат Мирзиёев Учқўрғон тумани Норин дарёси бўйида жойлашган ноёб балиқ турларини ишлаб чиқариш корхонаси - “DB Group Eco” фаолияти билан танишди.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 тонна балиқ маҳсулотини ташкил қилади. Бу ерда Европа тажрибасига асосланган ҳолда балиқнинг ноёб турлари, форел ва лосось балиқларини интенсив усулда етиштириш йўлга қўйилган. Балиқ увилдириқлари ва озуқаси Дания ва Германиядан келтирилади.

Фото: president.uz

Шу ернинг ўзида давлат раҳбари вилоятда қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари, хусусан, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, эчкичиликни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Масалан, вилоятда 2020 йилда чорвачилик тармоғи бўйича 84 та янги лойиҳа амалга оширилади, гўшт ва сутни қайта ишлаш корхоналари ташкил этилади. Поп тумани азалдан жун йўналишидаги эчкичилик билан шуғулланишга ихтисослашган.

Давлат раҳбари йўқолиб кетган шу тажрибани қайта тиклаш, жун етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кластер ташкил қилиш, Поп ва Чуст туманларидаги 1,500 минг хонадонга 20 мингта қўй ва эчкини шартнома асосида тарқатиш бўйича кўрсатмалар берди.

Фото: president.uz

Паррандачилик йўналишида эса 39 та лойиҳа амалга оширилади, 440 та иш ўрни яратилади. Тижорат банки томонидан асаларичилик йўналиши бўйича ҳам 46 та лойиҳа молиялаштирилади.

Давлат раҳбари асаларичиликни ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш, Наманган шаҳрида 10 минг тонна экспортбоп асал тайёрлаш, қадоқлаш ва сотишга ихтисослашган комплексни ишга тушириш бўйича топшириқлар берди.