Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар








“Порахўрлик — нозик санъат, отагинам!”
19.08.2022 08:45,  
469

Бу мақолани ёзиш ёки ёзмаслик борасида кўп иккиландим. Сабаби қуйида тилга оладиган воқеа-ҳодисалар борасида бирорта амалий далилим йўқ. Аммо жамият ва унда яшовчи бир фуқаро сифатида эшитган миш-мишларимни таҳлил қилиб, ўзимча хулоса ҳам қиламан.

Инсоният яралибдики ўзининг комфорти учун турли ақлбовар қилмас қонунлари-у, турфа найрангларни ўйлаб топишга уста. Одамзоднинг ана шу йўлдаги чиркин одатларидан бири пора бериш ва пора олиш ҳодисасидир. Даставвал турли тақинчоқ, иш қуроллари ва шу турдаги ижтимоий буюмлардан бошланган бу “анъана” мана асрлар ошса ҳамки унут бўлмаяпти. Аксинча, бу “одат” замонавийлашиб, маданий кўриниш касб этиб бормоқда.

Авваллари ўзига ўнғай ҳукм чиқартириш учун қозихонанинг кўрпачаси остида “унутиб қолдирилган тангалар” порахўрликнинг энг оммалашган кўриниши ҳисобланган бўлса, бугунги кунга келиб унинг тури ва қиёфаси ҳам ўзгармоқда.

Ўтган йилнинг куз ойлари эди. Бир юмуш билан юртимизнинг олис ҳудудларидан бирига йўл олдим. Пойтахт ва ўша ҳудудга қатновчи маҳаллий таксичилардан бири манзилимга элтиб қўйишини ваъда қилгач йўлга чиқдик. Йўл олис. Истасангиз, истамасангиз ҳамроҳларингиз билан ҳамсуҳбат тутинасиз.

Ҳазил-мутойиба билан бошланган танишув, латифабозликка айланиб кетди. Кўринишидан норғул, қотмадан келган келган киши қуйидаги воқеани ҳикоя қилиб берди: “Қадим замонда ҳаромхўр бир амалдор билан ҳалол бир киши тортишиб қолишибди. Масала ечими дарров топилавермагач, иш қозига бориб етибди. Қозининг ўта кетган порахўрлигини эшитган камбағал бечора, бисотида борини сотиб, зўрға 40 танга жамғарибди. Зимдан пилдираб келиб, бу пулни Қозига тутқазиб, иш унинг фойдасига ҳал бўлиш ваъдасини олиб ортига қайтибди.

Амалдор ҳам қозини ҳузурига чорлаб, бироз насиҳат қилган киши бўлибди-ю, ҳукмни ўзининг фойдасига чиқариб беришини тайинлаб, қўлига 100 танга пул қистириб жўнатибди. Суд куни Қози ҳукм қилишга қийналиб, чайналавергач камбағалнинг тоқати тоқ бўлиб, берган пулини бир ёдига солиб қўйиш мақсадида Қози почча ҚИРҚиб, ҚИРҚиб гапиринг деса, Қози ҳам жаҳл қилиб ҚИРҚиб, ҚИРҚиб гапирар эдим-у, бу кишининг Юзидан ўта олмаяпман деган экан.”

Шу тариқа ҳаммага маълум-у машҳур латифа янги баҳсга баҳона бўлди. Ҳорғин кексароқ киши гап бошлаб қолди: “Бу коррупция, деган бало қачон тугар экан-а? Элу-юртни тоза адо қилди-ку?!”

Норғул, қотмадан келган келган киши ўзини ақлли тутиб шундай деди: “Назаримда бу цикл ҳеч қачон тугамайди. Мендан Ўзбекистонда энг ривожланган жабҳа нима деб сўрасалар, мен порахўрлик соҳаси деб жавоб қайтарган бўлар эдим. Қўрқмай айтиш мумкинки, отагинам, Ўзбекистонда коррупция — санъат даражасига олиб чиқилди. Так что, булар аждарҳога ўхшайди. Йўлини қилиб бошини чопсангиз, ўрнидан яна учтаси ўсиб чиқади. Ахир бу соҳа ривожланаяпти, изланаяпти, тараққий этаяпти.

Мисол учун айтаман, узоқ бир танишимнинг қариндоши бир жойда амалдор бўлиб ишлаган экан. Бир ўрам долларни порага олиб ўтирган жойида, орган ходимлари босибди. Ўша одам жуда пихини ёрган, туллак одам экан. Бир туки ҳам қилт этмай уларни хотиржам қаршилабди. Қаршисидан жой кўрсатиб, ўтиришга таклиф этибди. Орган ходимлари стулга ўтирган заҳоти котибасини чақириб, чой дамлаб келишни буюрибди. Котиба чой дамлаб келтирибди. Орган ходимлари амалдорга вазиятни тушунтириб, хонани авра-астарини чиқариб, “элакдан ўтказишибди”. Аммо сал аввал ёлланма пораберувчи олиб кирган пулни топа олишмабди. Маълум бўлишича, амалдор порага олинган пулни чойнак ичига солиб, котибанинг қўли билан уни бу хонадан олиб чиқиб кетган экан.

Шу воқеани эшитганимда амалдорнинг қўштирноқ ичидаги топқирлигига қойил қолганман. Аммо вақт ўтаяпти. Бу каби хийлалар энди иш бермай қўйган. Яқинда бир танишим ҳокимиятга бир муаммосини ҳал қилиш учун мурожаат қилибди. Амалдор унинг ташвишини чидаб, сабр билан тинглаб бу муаммонинг ечими бор эканлигини, лекин озгина “хизмат” қилишига тўғри келишини маълум қилибди. Қўшним ноилож рози бўлибди. Шунда у, бир “қийналиб қолган киши”нинг пластик карта рақамини бериб, яхшигина сўммани шу рақамга ташлаб беришини сўрабди. Қўшним ҳам айёргина эмасми, ўша (пластик карталардаги пулларни бошқарувчи иловада пулни қабул қилиб олувчининг телефон рақами ҳам кўринади) “қийналган фуқаро”га телефон қилиб, амалдорга ким бўлишини суриштирибди. Оқибатда, ўша “қийналган фуқаро” унинг хотини бўлиб чиқибди.

Хулоса шуки, эндиликда коррупцион жиноятларни ўрганувчи ташкилотлар нафақат амалдорларни, балки унинг қариндошларга тегишли бўлган пластик карта ва ҳисоб рақамларини ҳам яхшилаб кузатиши керак. Лекин буни исботлашнинг ўзи бўлмаслиги аниқ. Чунки пора берилган одам ҳеч қаерда ишламайди. Ҳеч қаерда ишламаган одамга пора бериш эса мантиқсизлик...”

Анча пайтдан буён жим кузатиб келаётган, хўппа семиз, кўзойнакли киши суҳбатга аралашди:

“Эҳ акалар, сиз айтганларингиз майда-чуйда порахўрлар экан. Мен эшитганим анча йирик наҳанглардан. Мени танишим анча пайтдан буён битта ташкилотда ишлашини айтади. Бироқ ҳар йили иши ўзгаради, ҳайрон бўламан. Яна тағин ҳам нима, хусусий газеталарда ишлайди. Очилган газетаси бир-икки йил ёки бир йилга етмай ёпилиб қолаверади. Қизиғи бугунги кунда айрим газеталар орзу қиладиган даражада обуначиси бўла туриб ёпилиб қолади. Сабабини сўрасам танишим айтмайди. Сабабини қидира-қидира бу мантиқсизликнинг жавобини топгандек бўлдим. Билишимча, ўша газеталар вазирликдаги бир амалдорга тегишли бўлган. Қонунан олиб қаралганда бу газеталарнинг муассислари буткул бошқа-бошқа одамлар бўлишига қарамай, бир охурдан ем еган. Кузатишим бўйича, ўша валломат қайси тизимга муайян иш ёки бошқа жараённинг боришини назорат қилувчи шахс сифатида яъни куратор сифатида тайинланар экан. Ўша йўналишда газета очилган. Мажбурий обуна тақиқланган шундай бир мураккаб вазиятда минг-минглаб одамлар обуна бўлишган. Энг қизиғи, битта обуначини мингта газетага обуна бўлганлигини қачон кўргансиз?! Тушунган бўлсангиз керак, бу жараёнда порахўрлик ишлари юқори савияда ташкил этилган. Қани энди ҳам пора берувчи билан порахўрни ушлаб кўринг-чи?! Агар айбини исботлаб бўйнига қўйган тақдирингизда ҳам буткул бошқа одам балогардон бўлиб чиқади.”

Хуллас, баҳс узоқ давом этди. Хулоса шундай бўлдики, ҳақиқий порахўр қўлга тушмайди. 200 минг, 500 минг билан қўлга тушаётганлар эса порахўр эмас, шунчаки, ноқулай пайтда ноқулай жойда бўлиб қолган “ландавурлар”.

Мен бу йўловчиларни қайта кўрмадим. Аммо ўша кунги суҳбатни қайта-қайта эслайман. Наҳотки, порахўрлик нозик санъат бўлса, наҳотки у абадий бўлса? Сиз қандай фикрдасиз, азиз ўқувчи?

Абдулла Нур

Тавсия Этамиз








Тавсия Этамиз