Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент 2020 йилда балиқ етиштиришни камида 350 минг тоннага етказишга топшириқ берди
15.04.2020 14:34,  
441

Аввал хабар қилганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълум қилинишича, мажлисда мева-сабзавот етиштириш ва сотиб олишга алоҳида молиялаштириш тизимини жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Юртимизда апрель ойининг иккинчи ярмида кўкат, помидор, бодринг, май ойида эса гилос ва ўрик тайёр бўлади. Экспортнинг 60-70 фоизи ушбу маҳсулотларга тўғри келади.

Мутасаддиларга мева-сабзавотлар экспорти бўйича туманлар ва хўжаликлар кесимида аниқ ҳисоб-китоб қилиб, пандемия шароитида юзага келадиган масалаларни қисқа муддатда ҳал қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди.

Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманини шу тармоққа ихтисослаштириш бўйича алоҳида қарорлар қабул қилинди. Умуман, тармоқда олдинги йилларда бўлмаган рағбатлантириш механизми йўлга қўйилди. Наслли моллар учун 2 миллион сўмгача, наслли қўй ва эчкига 400 минг сўмдан субсидия ажратиш механизми жорий этилди. Жойларда замонавий чорва комплекслари ишга туширилмоқда.

Президентимиз энди маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга импорт қилинаётган товарлар ўрнини қоплаш зарурлигини таъкидлади.

Озуқа ишлаб чиқарадиган корхоналар, қорамол боқиш бўйича оилавий кооперацияларни кўпайтириш бўйича вазифалар қўйилди. Ҳар бир вилоятда наслли қорамол тайёрлаш ва сотишга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этилиши белгиланди.

Паррандачиликда ҳам озуқа таъминотини мустаҳкамлаш ва аҳоли билан кооперацияни ривожлантириш керак.

Йиғилишда қайд этилганидек, кооперация асосида хонадонларда парранда боқиш тажрибаси кенг жорий этилади. Бунда паррандачилик корхонаси хонадонга уч кунлик жўжаларни тарқатиб, озуқасини етказиб беради. Қирқ кундан кейин кооперациянинг ўзи гўштни марказлашган ҳолда сотиб олади.

Маълумки, балиқчилик учун ҳам барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилган. Ўтган йили юртимизда 200 минг тонна балиқ етиштирилган.

Бугунги кунда 38 минг гектар сунъий сув ҳавзаларининг атиги 0,6 фоизида интенсив балиқчилик ташкил этилган. Қолаверса, уларда ҳосилдорлик даражаси пастлигича қолмоқда.

Йиғилишда бу йил балиқ етиштиришни камида 350 минг тоннага етказиш, сунъий ҳавзалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, балиқчилик хўжаликлари ва қайта ишлаш корхоналари ташкил қилиш бўйича қатор топшириқлар берилди.

Асалчилик тармоғига эътибор қаратилар экан, бу йил ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга кўпайтириш, ўрмон хўжаликларидаги имкониятларни тўла ишга солиш муҳимлиги таъкидланди. Аҳолига асалари уялари тарқатиб, улардан маҳсулот сотиб оладиган асаларичилик кластерлари ташкил қилиш бўйича вазифалар белгиланди.

Қишлоқ аҳолисини уй шароитида иш билан таъминлайдиган резервлардан бири – ипакчилик соҳаси. Жорий йилда 382 минг қути ипак қурти боқилишини инобатга олсак, бу камида 750 минг одамни иш билан банд қилиш дегани.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Меҳнат вазирлигига бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш, яхши ҳосил олган хонадонларга қўшимча маблағлар ажратиш топширилди.

– Ушбу чора-тадбирлар натижасида минглаб фуқароларимизни иш билан таъминлаш, даромадларини кўпайтиришга эришамиз. Бозорларимизда маҳсулот кўп бўлади.

Ҳар бир вазир, сектор раҳбари буни юрагидан ўтказиб, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда менинг ўрним қандай бўлади, деган саволга виждонан жавоб бериши керак, – деди Президент.

Видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги тармоқлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ахборот берди. Ҳудудларга бириктирилган мутасаддилар ва ҳокимларнинг пандемия даврида амалга ошираётган ишлари танқидий кўриб чиқилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан