Президент эътирофидан кейин Азиза Шоназарова Шарқшунослик институтида фахрий профессор ва кафедра мудири бўлди

Президент эътирофидан кейин Азиза Шоназарова Шарқшунослик институтида фахрий профессор ва кафедра мудири бўлди

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Тошкент давлат шарқшунослик институтида ўзбеклар орасида биринчи бор АҚШдаги Колумбия университети профессори бўлган ёш олима Азиза Шоназарова билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимқулов, институт раҳбарияти, профессор ўқитувчилар, илмий ходимлар, талаба-ёшлар ҳамда ОAВ вакиллари иштирок этдилар.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, тадбирда Азиза Шоназаровага Тошкент давлат шарқшунослик институти фахрий профессори унвони берилди.

Шунингдек олиманинг тажрибасидан фойдаланиш ҳамда талабаларда илм-фанга рағбатини ошириш мақсадида Азиза Шоназарова институт кафедра мудири этиб тайинланди.

Аввалроқ, ўзбеклар орасида биринчи бор Колумбия университетининг tenure track позицияси, яъни умрбод профессорлик лавозимига Азиза Шоназарова қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.

АҚШдаги энг нуфузли университетлар бирида Азиза Шоназарова “Female religiosity and gender history in pre-modern Central Asia” (Ўрта асрлардаги Марказий Осиёда гендерлик тарихи ва аёллар диндорлиги) мавзусида АҚШнинг Индиана – Блумингтон университетида докторлик диссертациясини ёқлаган ва 2 та йўналишда (диншунослик ва Марказий Осиё тарихи) PhD – фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олган.

Шунингдек, 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунида Азиза Шоназарова Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.