Президент ҳужжатлари ижросини Адлия вазирлиги назорат қилади. Вазирликда махсус бўлинма ташкил этилади

Президент ҳужжатлари ижросини Адлия вазирлиги назорат қилади. Вазирликда махсус бўлинма ташкил этилади

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими президент томонидан Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномада вазирликка берилган вазифалар юзасидан шарҳ берди.

Президент вазирликнинг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш ҳисобланишини маълум қилганди.

«Тан олиш лозимки, қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш охирги пайтда кўпроқ расмий характерга айланиб қолган эди. Яъни асосий урғу қарорлар бажарилиши устидан назорат қилишга қаратилган эди.

Энди мазкур масалада янги тизим таклиф этилди. Унга кўра, қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг тўғри ва аниқ мазмун ва моҳияти вилоят, туман (шаҳар) раҳбарларига бевосита етказилади.

Мазкур ҳужжатларда белгиланган ижрочилар томонидан айрим масалаларда тушунмовчиликлар юзага келганда, адлия органлари томонидан топшириқ тўлақонли тушунтириб бериш чоралари кўрилади. Бунда, адлия органларига зарур шароитлар яратилади.

Президент ёки бошқа қонун ҳужжатлари билан берилган топшириқни ижро этишда, ижрочи вазирлик ва идоралар томонидан ижрони таъминлашда қийинчиликлар юзага келганда, адлия органлари ушбу топшириқни ижроси ташкил этишга кўмаклашади. Бироқ, бу нарса Адлия вазирлиги топшириқни бевосита бажарувчисига айланиб қолади деган эмас албатта. Вазирлик топшириқни бажариш учун ўзига хос йўналтирувчи вазифасини бажаради, холос.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир вазирлик ва идора ҳужжатларда берилган топшириқларни виждонан, тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажаришга мажбур. Ҳар бир раҳбар бунга шахсан масъул эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Аслида уларнинг тепасида туриб, «ниқташ» ҳам керак эмас.

Дейлик, бирор-бир вазирлик топшириқни бажармади. Давлат раҳбари айтиб ўтганларидек, керак бўлса, лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар кўрилади. Бу масала шахсан давлат раҳбари назорати остида эканлиги таъкидланмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Ушбу мақсадда, Адлия вазирлигида махсус алоҳида бўлинма ташкил этилади ва уларга зарур ваколат ва ресурслар берилади. Унинг республика бўйлаб, ҳудудий бўлинмалари ҳам ташкил этилади.

Улар қонун ҳужжатлари талабларини ижро қилмаслик, нормаларни ўзбошимчалик билан ёки нотўғри талқин қилиш, қонунни қўллашда субъективлик, тор идоравий ёндашиш ҳолатларини аниқлайди ва келгусида йўл қўймаслик чораларини кўради.

Бундан ташқари, топшириқлар бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳам аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўради.

Фаолият натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси президентига танқидий ахборот киритилади. Унинг асосида албатта тегишли мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилади. Энг асосий янгиликлардан бири, бу мазкур жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш вазифаси ҳам қўйилган.

Бунда, «жамоатчилик эшитувлари» ва «жамоатчилик мониторинги» институтларидан кенг фойдаланилади. Яъни ижроси бажарилмаган топшириқлар бўйича маълумот фуқаролар томонидан хабар бериш тизими орқали юборилади. Мобил илова ишга туширилиши ҳам мумкин.

Юқорида айтиб ўтилган жараёнлар барча оммавий ахборот воситалари, жумладан телевидение орқали «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда» дастурлари ёрдамида ёритилади.