Президент мактабларига саралаш босқич имтиҳонлари қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди

Президент мактабларига саралаш босқич имтиҳонлари қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди

Президент мактабларига саралаш босқич имтиҳонлари 26 июнь - 3 июль кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 1-22 июнь давомида жами 28 446 нафар талабгор ҳужжат топширган. Шундан 9260 таси (32,5%) онлайн, 19 186 нафари (67,5%) эса офлайн усулда, яъни бевосита қабул марказлари орқали ҳужжат топширган.

Топширилган умумий 28 446 талабгордан 27 446 таси саралаш босқич имтиҳонидан ўтиш имконига эга бўлишди.

Ҳудудлар бўйича энг кўп – 7 724 та ҳужжат Наманган вилоятидаги Президент мактабига келиб тушган. Қорақалпоғистонда 7 456 та, Хоразмда 6 503 та, Тошкент шаҳрида 5 763 та ҳужжат қабул қилинган.

Энг кўп – 8 727 та ариза 5-синф учун қабул қилинган, энг паст кўрсаткич 10-синфлар орасида – 2 350 та.

Имтиҳонларни давлат (ўзбек) тилида топширувчи ўқувчилар сони 22 051, қорақалпоқ тилида 4 847 нафарни ташкил қилган бўлса, инглиз тилида топширувчилар сони 621 нафарни ташкил этди.

Бир ўринга ўртача рақобат 49 ўқувчини ташкил этган бўлса, энг юқори рақобат 5-синфга топширган талабгорлар ўртасида – 1 ўринга 92 нафар ўқувчини (Наманганда 118 ўқувчи) ташкил этади.

Президент мактабларига топширган талабгорларнинг сони режалаштирилгандан ҳам ошиб кетганлиги сабабли кириш имтиҳонларини ўтказишга масъул чет эллик ташкилот Cambridge assessment – саралаш босқич имтиҳонларини (pre-selection) ўтказилиши лозимлиги маълум қилинди.

Президент мактабларига саралаш босқич имтиҳонлари (pre-selection) қачон ва қаерда бўлиб ўтади?

Президент мактабларига саралаш босқич имтиҳонлари (pre-selection) 2019 йил 26 июнь - 3 июль давомида бўлиб ўтади.

Ота-оналар ўқувчилар билан биргаликда 2019 йил 26-27-28 июнь кунлари Президент мактаблари саралаш имтиҳонларига тайёргарлик кунлари (orientation day) – саралаш босқич имтиҳонлари бўлиб ўтадиган бинога ташриф буюришади ва имтиҳонга тайёргарлик бўйича барча тегишли маълумотларни олишади.

Қуйидаги ҳавола орқали саралаш босқич имтиҳонлари (pre-selection) бўлиб ўтадиган бино манзиллари билан танишишингиз мумкин.