Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент Мирзиёевнинг тарихий миссияси
17.01.2020 09:46,  
5449

Сиёсатчиларнинг, айниқса, давлат раҳбарларининг фаолияти тарихий ўлчовга, мезонга эга. Уларнинг фаолиятлари тарихий мерос нуқтаи назаридан ўлчаниши, табиий бир ҳолат ҳисобланади. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мероси – бу Ўзбекистон давлатчилиги ташкил топиши, шаклланиши, ва бу давлатчиликнинг табиати билан ўлчаниши кўпчиликда эътироз ўйғотмаса керак.

Собиқ иттифоқ қулагач, Ўзбекистонда янги давлат ва янги жамият шакллантириш тарихий миссияси айнан Ислом Каримов зиммасига тушди ва биринчи Президент бу вазифани, ўз имконияти доирасида амалга оширди. 2016 йилга келиб, Биринчи Президент ҳаётни тарк этар вақтда, Ўзбекистонда кучли давлат шаклланган эди. Кучли давлат, Ўзбекистон собиқ ҳокимияти тафаккурига кўра – кучли марказлашган ҳокимиятни, жамиятдаги вазиятни тўлалигича механик назорат қила оладиган ҳокимият органларини назарда тутарди.

Аслида, янги пайдо бўлган Ўзбекистонда этатизмдан, авторитаризмдан бошқа тажриба ҳам, тасаввур ҳам мавжуд эмасди. Эндигина шаклланиб келаётган жамиятнинг демократик тажрибаси, собиқ иттифоқ даврида ижтимоийлашган сиёсатчилар зеҳниятида бетартиблик, анархия, давлатчиликнинг яраланиши ва оқибатда, мустақилликни бой берилиши деган тасаввурни берар эди.

Нима бўлганда ҳам, Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тарихий мероси – бу кучли марказлашган, хавфсизлик ва барқарорлик мустаҳкам таъминланган ва анча мутлақлаштирилган қудратли давлат, яъни, ҳокимият ва ҳукумат бўлди.

Ўзбекистонда янги ҳокимияти кун тартибига анчадан бери кутилган долзарб вазифаларни қўйди: бу давлат ва жамият ҳаётининг кенг қамровли ислоҳот қилишки, Ўзбекистон халқи ўзини таъминлашга етарли миллий бойлик яратишга ва уни адолатли тақсимлашга малакали бўлсин. Ушбу вазифани амалга ошириш эса, давлат ва жамият ўртасида шаклланган муносабатларни тўлиқ қайта кўриб чиқишни назарда тутади. Бунда давлат бош (яъни, ягона) ислоҳотчи, жамият эса муте ислоҳот қилинувчи деган муносабатлар қайта кўриб чиқилиши лозим бўлади.

Ривожланган давлатлар – бу кучли шаклланган фуқаролик жамиятларидир. Фуқаролик жамиятида ҳар бир одам ўз ўрнини билади, ўз муаммоларини ҳал қилиш борасида юқори тасаввурга ва малакага эга бўлади, давлат эса одамларнинг муаммоларини ҳал қилишда юқори даражада ҳамкорлик қилади. Бу дегани, давлатда ва жамиятда ижтимоий муаммоларни чуқур англайдиган ва уларни самарали еча оладиган юқори салоҳиятли профессионаллар қатлами шаклланганишини назарда тутади.

Дунёдаги энг фаровон демократик давлатларда ҳам, тез суръатларда ривожланиб бораётган авторитар давлатларда ҳам шу нарса кўринадики, бу давлатларда малакали сиёсий, иқтисодий, интеллектуал элиталар шаклланган бўлиб, давлат тизими мавжуд муаммоларни муҳокама қилишни назарда тутади. Бугунги кунда кўпгина авторитар давлатларда ҳам маълум миқдорда “академик эркинлик” мавжуд бўлиб, тадқиқотчи-олимлар фикр алмашишлари, муаммолар борасида фикр билдиришлари учун муайян муқобил майдончалар ташкил қилинган. Жамиятдаги барча ўзгаришлар энг аввало, мутафаккирлар, интеллигенция тафаккурида бошланади ва фақат ундан кейингина кенг жамиятга кўчиб ўтиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон янги ҳокимияти ислоҳотлар сиёсатини бошлар ва уни муваффақияти борасида тинимсиз гапириб келар экан, ўз-ўзидан янги Президентнинг тарихий миссияси борасида табиий ва тарихий буюртма шаклланади – бу Ўзбекистон давлатчилиги доирасида юқори малакали ва катта салоҳиятли сиёсий элита шакллантириш масаласидир. Ислом Каримовдан мерос қолган Ўзбекистон давлатчилиги, ташқаридан қараганда қанчалик мустаҳкам кўринмасин, у ичқаридан анча мўрт ва бесамар эканлиги янги ҳокимият нутқларида ҳам назарда тутилди. Энди, ушбу давлатчиликни юқори малакали элита билан тўлдириш, бойитиш ва шу орқали давлат ва жамият ўртасида мутаносибликка эришиш – янги ҳокимиятнинг бутун фаолиятини белгилаб берувчи вазифа бўлиб қолаверади.

Шубҳа йўқки, мамлакатдаги сиёсий ва интеллектуал элита қанчалик кўп сонли, малакали ва салоҳиятли бўлса, давлат қудрати, таъсир доираси ва хавфсизлиги шунчалик мустаҳкам бўлади. Сиёсий ва интеллектуал элитанинг вазифаси – давлат ва жамият олдида турган муаммоларни коллектив ақл-идрок билан, рақобат ва ҳамкорлик доирасида англаш ва ҳал қилишдан иборатдир. Ўзбекистон каби катта жамиятнинг муаммоларини на марказий ҳокимият, на маҳаллий ҳокимиятлар ечиб бериши мумкин эмас. Глобаллашган дунёда бошқа давлатларнинг турмуш даражаси борасидаги тасаввурлар ўзбекистонликларга етиб бораверар экан, ижтимоий барқарорликни ва ислоҳотлар муваффақиятини таъминлаш йўлида янги ҳокимият Ўзбекистонда малакали ва кенг кўламли элита шакллантиришни энг марказий давлат сиёсати даражасига кўтариш эҳтиёжи фақат ошиб боради.

Кенг кўламли ва малакали сиёсий элита шакллантириш вазифаси Ўзбекистонда сиёсий партиялар, маҳаллий ҳокимият органлари, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ва бошқа кўплаб соҳаларни қайта кўриб чиқишни тақозо қилади. Эътибор берилса, бугун бутун бошли республикада саноқли фикр билдирувчи сиёсатчилар бор холос. Сиёсий элитанинг кенгайиши – ушбу сиёсатчиларнинг, давлат раҳбарларининг салоҳиятини кўтаради, давлат сиёсатини бойитади, давлат олдида турган вазифаларни ечилишини енгиллаштиради.

Афсуски, бугун вилоятлар мисолида маҳаллий сиёсатчилар синфи, иқтисодчилар-сармоядорлар ва мутафаккирлар синфи ҳақида гапириш жуда қийин. Вилоятларда фақат вилоят ҳокими ва бошқа давлат органлари мутасаддиларидан бошқа ҳеч ким кўринмайди. Агар кейинги йилларда, маъмурий ислоҳотлар, жиддий сиёсий уринишлар натижасида нафақат пойтахтда, балки вилоятларда ҳам юзлаб-минглаб шахслардан иборат малакали сиёсатчилар, иқтисодчилар ва мустафаккирлар синфи шаклланмас экан, Ўзбекистонни муаммоларини ҳал қилиш суръати бир неча баробар секинлашади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан