Президент пандемия сабабли ОТМларга кириш имтиҳонларини соддалаштиришни буюрди

Президент пандемия сабабли ОТМларга кириш имтиҳонларини соддалаштиришни буюрди

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда таълим муассасаларига ҳужжатлар қабулини такомиллаштириб, масофадан, онлайн шаклда, интернет орқали ҳужжат топшириш имкониятини яратиш зарурлиги таъкидланди. Бу борадаги янги тартиб ва афзалликлар ҳақида аҳоли батафсил хабардор қилинади.

Маълумки, 2020 йилдан кириш имтиҳонлари жами 5 та – учта мажбурий ва иккита мутахассислик фани бўйича ўтказилиши белгиланган эди. Лекин карантин шароити ёшларнинг имтиҳонга тўла тайёргарлик кўриш имкониятини ҳам чеклади.

Қолган қисқа вақтдан унумли фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида, жорий йилда имтиҳонларни соддароқ шаклда ўтказиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.