Президент қароридаги вазифа 20 ойдан буён бажарилмаётгани учун ким жавоб беради?

Президент қароридаги вазифа 20 ойдан буён бажарилмаётгани учун ким жавоб беради?

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев адвокатуранинг тизимли нуқсонлари ҳақида эслатди.

"Куни-кеча давлат раҳбари одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифаларга бағишланган катта селектор ўтказганидан хабарингиз бўлса керак. Унда соҳага оид аччиқ ҳақиқатлар айтилди, муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Хусусан, адвокатура тизимидаги нуқсонлар ҳам тилга олинган. Масалан, қуйидаги гапга эътиборингизни қаратмоқчиман:

«Давлат томонидан тақдим этилган адвокатларни танлашнинг очиқ-ошкора тартиби йўқлиги боис айрим терговчилар ўзига таниш адвокатларни чақириб, айбланувчига таъсир ўтказиш ҳоллари учраб туради. Масалан, Тошкент шаҳрида давлат томонидан адвокатларга ўтган йили 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, ушбу маблағнинг тенг ярми 20 та адвокатлик фирмасига берилган (жами 746 та шундай фирма мавжуд).

Шу сабабли тегишли вазирликларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга тушириш топшириғи берилди. Бу дастлаб пойтахтимизда эксперимент тариқасида жорий этилади», - дейилади Президент матбуот хизмати берган хабарда.

Таъкидлаш жоиз, давлат раҳбари тилга олган ушбу масала адвокатуранинг жуда ҳам оғриқли жойларидан бири. Халқ тилида «чўнтак» ёки «дежурный» дейиладиган бундай адвокатлар ҳақиқатдан одил судловда томонлар тенглигига болта урадиган иллатдир.

Аслида муаммонинг ечими учун илк қадамлар ташлаб бўлинган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 2018 йил 12 майда «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сонли Президент қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган адвокатура институтини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг 14-бандида гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатни автоматик равишда танлаш бўйича махсус электрон тизимни жорий этиш вазифаси белгиланган.

Ушбу банд ижрочиси сифатида иккита ташкилот — Адвокатлар палатаси ва Адлия вазирлиги белгиланган.

Ижро муддати 2018 йил 1 декабрь эди. Лекин орадан 1 ярим йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлсада, Президент қарорида белгиланган ушбу вазифалар бажарилмади, яъни адвокатни автоматик танлайдиган электрон тизим яратилмади.

Балки шунинг учундир, давлат раҳбари яна бир бор селекторда ушбу вазифа бўйича топшириқ берди.

Ва ишонаманки, ана энди унинг ижроси тезлашиб кетади, тез орада мутасадди ташкилотлар электрон тизим ишга тушгани ҳақида мақтаниб гапиришни ҳам бошласа керак, балки.

Аммо мени бошқа савол ўйлантиради: нима учун расмий норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлган Президент қароридаги банд ижроси салкам 2 йил пайсалга солинган? Бирор қарордаги вазифа бажарилиши учун албатта Президент уни мажлисда оғзаки айтиб, шахсан топшириқ бериши шартми?

Ушбу банд ижроси бажарилмаётгани ҳақида 1 йил олдинги мақоламда ҳам кўтариб чиққандим. Аммо бу бўйича на Адвокатлар палатаси, на Адлия вазирлиги бирор изоҳ берганини кўрмадим.

Кўрамиз, бу сафар кимдир нима учун Президент қарори ижроси 20 ойдан буён кечикканлигига изоҳ берармикин.

Агар шу тизим қарорда белгилангандек ўз вақтида яратилганда, балки ўтган давр мобайнида юзлаб фуқароларимизнинг ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинган бўлармиди, ким билсин..." - дейди блогер.