Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида йиғилиш бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида йиғилиш бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бошланди.

Мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йил бошида белгиланган топшириқлар ижроси, йил якунига қадар устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бошланди.

“Январь ойида мактаб таълимини ривожлантириш бўйича 5 та устувор йўналишда аниқ вазифаларни белгилаб, барча масалалар ҳал қилиб берилган эди.

Лекин бирорта ислоҳот осон бўлмайди. 

2022 йилни ҳокимларнинг мактабга эътибори йили деб эълон қилганимиз ва туман ҳокими “РайОНО” мудири бўлади, деган вазифаларни, афсуски, ҳамма ҳокимлар ҳам ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ”, деди давлатимиз раҳбари.

Президент соҳадаги ишлар аҳволи қониқарсизлиги учун вилоят ва туман ҳокимларини кескин танқид қилди.

Жумладан, икки ойда барча ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижасида республикадаги 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги аниқланган.

Бу борада энг оғир аҳвол Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда экани кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда республика бўйича 1 минг 526 та мактаб болалар тарбияси, давомат, маънавий муҳит бўйича “қизил” тоифага киритилганлиги таъкидланди.

Айниқса, Тошкент шаҳридаги 69 та мактаб, Сурхондарёда 169 та ва Қорақалпоғистонда 128 та, Сирдарёда 54 та, Фарғонада 162 та, Тошкент вилоятидаги 147 та мактабларда муҳит қониқарсиз деб топилган.

“Бу туман ва шаҳар ҳокимлари мактаб масалалари ичига умуман кирмаганлигидан далолат. Январда ўтган селектордан кейин ҳам улар ўзига хулоса қилмаган. 

Ушбу вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларини охирги марта огоҳлантираман. Агар уч ойда ўзгариш бўлмаса, жиддий чора кўрилади. 

Бугунги кунда мактабнинг энг катта муаммоси – ўқитиш методикасининг мутлақо эскирганлиги. Афсуски, мактаб таълими эски қолипдан чиқа олмаяпти”, деди давлатимиз раҳбари.