Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент янги автомобил моделларини кўздан кечирди ва туман фаоллари билан учрашди (фото)
22.08.2020 11:05,  
1062

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча 21 август куни Тошкент шаҳар Бектемир тумани фаоллари билан учрашди.

Маълум қилинишича, Бектемир тумани Тошкент шаҳри саноатининг 10 фоизини таъминлайди. Жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда саноат маҳсулоти 9 фоизга, хизмат кўрсатиш 8 фоизга, экспорт 11 фоизга ўсган.

Учрашувда туманда янги «ўсиш нуқталари»ни топиш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш борасидаги режалар айтиб ўтилди.

Масалан, Бектемир туманига Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманларидан жами 1 минг 639 гектар ер ўтказилади. Натижада туман ҳудуди 3 минг 472 гектарга етади. Бунинг ҳисобига янги саноат ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиш, минглаб иш ўринлари очиш имконияти яратилади.

Яқин уч йилда туманда умумий қиймати 3,3 триллион сўмлик 61 инвестиция лойиҳаси амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда 52 та шундай лойиҳа ишга туширилиб, 2 минг 700 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Туманда ишсизлик даражаси 3,3 фоиз, шу жумладан, аёллар орасида 1,7 фоиз, ёшлар ўртасида 1,5 фоиз экани қайд этилди. Мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги, қатор маҳаллаларда ички йўллар ҳолатининг ёмонлиги, коммунал тизимларда ҳам камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, камбағалликни камайтириш, уй-жойга муҳтож оилаларга уй ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасини кескин ривожлантириш, янги ижтимоий объектлар барпо этиш, коммунал тармоқларни қуриш ва таъмирлаш, уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Бектемир тумани фаоллари билан учрашувдан сўнг давлат раҳбари мамлакатимизда ишлаб чиқарилиши лойиҳалаштирилган махсус автомобилларни кўздан кечирди.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил январда Германияга расмий ташрифи чоғида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Volkswagen» концерни ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Унга мувофиқ, Жиззах автомобиль заводида 3 хил модификациядаги Volkswagen Caddy минивенини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Етти ўринли бу автомобиль турли соҳаларга ихтисослаштириш учун жуда мос келади. Шунингдек, Isuzu заводида ҳам қулай платформа мавжуд. 

Маълумки, мамлакатимизда енгил автомобиллар, юк машиналари ва махсус техникалар ишлаб чиқарилиб, айнан шу йўналишдаги сегмент бўш эди. Қўшни давлатларда ҳам бундай автомобилларга эҳтиёж бор.

Шу мақсадда тажриба тариқасида Volkswagen, Škoda ва Isuzu линиясида махсус машиналар намуналари тайёрланди.

Шавкат Мирзиёев бундай янги йўналиш импорт ўрнини тўлдириш ва экспортни кенгайтиришда муҳим эканини таъкидлаб, керакли кўрсатмалар берди.

Ушбу машиналар жорий йилнинг тўртинчи чорагида Жиззах автомобиль заводида йиғила бошлайди. 2022 йилдан ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштириш режалаштирилган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан