Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президентнинг матбуот хизмати қани?
2.03.2020 14:06,  
1783

Ўзбекистон қаттиқ авторитаризмдан мўътадил авторитаризмга, сўнгра демократияга тинч ва бўҳронларсиз ўтишга уринар экан, жуда малакали давлат мулозимлар синфи керак бўлади. Чунки, қаттиқ авторитаризмдаги асосий ҳокимиятни амалга ошириш воситаси – куч ишлатиш, мажбурлаш механизмлари бўлган экан, янги шароитларда – ишонтириш малакаларини парваришлаш, рағбатлантириш учун моддий ва маънавий ресурслар шакллантириши керак бўлади.

Одамларни шу пайтгача маҳрум қилиб бошқариб келган тизим, энди ишонтириш орқали вазиятни ушлаб туриши керак бўлади. Ишонтириш – улкан интеллектуал салоҳиятни, муттасил ва ишончли мулоқотни назарда тутади.

Менинг кузатаётганим – Президент матбуот хизмати мутлақ ишламаяпти. Президент айтган фикрларни, ғояларни, қарашларни малакали ва доимий шарҳлаб берувчи бирон бир институт мавжуд эмас. Президент у-бу фикрни, самимий ва оддий халқ тилида айтади, одамлар орасида эса, ҳар хил тушунчалар бўлиши – табиий ҳисобланади. Мана шундай пайтда давлат сиёсатини шарҳлаш, унга аниқлик киритиш – юқори даражадаги зарурат ҳисобланади.

Ҳозирда эса, Президентнинг фикрларини доимий шарҳловчи бирон бир давлат институти кўринмаяпти. Масалан, Президент матбуот котиби ёки котибияти бир марта бўлсада, саволларга жавоб бердими, битта бўлса ҳам матбуот релизи чоп қилдими? Йўқ ва бу жуда ғалати.

Одатда, дунё тажрибасида Президент матбуот хизматларида жуда малакали мутафаккирлар ишлашади. Улар Президентни чиқишларида нима назарда тутилганини ёзма ва оғзаки, матбуот анжуманларида ва мақолаларида, интервью ва катта анжуманларда шарҳлаб боришади. Натижада, жамият ўзининг муаммоларини, Президентнинг қарашларини, давлат сиёсатининг йўналишларини жуда яхши тушуниб олишади.

Демократияга ўтиш учун, маълум мувозанат назарда тутилади. Жамиятдаги муаммоларни эшитиш, англаш, уларни тизимли ҳал қилиш учун, барча давлат институтлари жуда самарали ишлаши лозим бўлади. Агар Президент бир ҳафтада 15-20 талаб катта йиғилишлар ўтказса-ю, кўплаб тадбирларда фикр билдирса, лекин Президентнинг қарашларини малакали шарҳлаб берувчи институт бўлмаса, яхши ишламаса – бу давлат раҳбарининг қисман еки жиддий обрўйсизланишига олиб келади.

Обрўсизланган ҳукуматда эса, одамлар фикридан ҳадиксираш, танқидлардан безиллаш, апатия ва жамоатчилик фикрига ишончсизлик кучайиб бориш муаммоси пайдо бўлади. Халқпарвар ҳукумат – танқид қиланаётган ва танқидларга чидаётган ҳукумат эмас, танқидларни эшитиб, муаммоларни самарали ҳал қилиш йўлида ишлаётган ҳукумат ҳисобланади.

Кейинги вақтларда Сенат фаоллашаяпти, Қонунчилик палатаси ҳам жонланаяпди. Лекин, менинг назаримда Президент матбуот хизмати жамият билан очиқ ва изчил ишламагани сабабли, Президент ҳудди маънавий ҳимоясиз қолгандек кўринади.

Бугун ижтимоий кайфиятни шакллантирувчи асосий марказлар – ижтимоий тармоқлар ҳисобланади. Сиёсий тизимни ўзгартиришга бел боғлаган Президентга жуда малакали матбуот хизмати керак эди. Афсуски, бу борада, катта бўшлиқ кўриниб турибди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан